Жиноятчилик сони ошган маҳаллада учрашув ўтказилди
Жиноятчиликка қарши курашиш барча даврларда ҳам давлат ва жамият олдида турган муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Зеро, инсон тинч ва хотиржам яшашни истайди, тинчлик бўлган жойда эса барака ва ривожланиш бўлади.
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьялари томонидан фуқаролар йиғинларида маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш масалаларига бағишлаб бир қатор ҳуқуқий-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Бунда асосан, жиноятчилик сони ошган, “қизил” ҳудуд тоифасига кирган маҳаллаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Навоий шаҳридаги Бунёдкор маҳалласи ўтган йилга нисбатан содир этилган жиноятлар кўрсаткичлари бўйича “қизил” ҳудуд сифатида белгиланган.
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суд раиси Б.Алиқулов томонидан ушбу маҳалла аҳолиси билан бўлиб ўтган мулоқотлари мобайнида содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва жиноятчиликка имкон яратиб берган шарт-шароитлар кенг муҳокама қилинди.
Йиғилишда, суд раиси томонидан тарғибот тадбирлари “хонадонбай” ва “кўчабай” тарзда давом эттирилиб, маҳалладаги кўп қаватли уйлар, маҳалланинг кўчаларида тушунтириш ишлари олиб бориш, тарғибот ишлари давомида аҳоли осойишталигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Зарурий профилактик чораларни янада кучайтириш бўйича маҳалла раиси, профилактика инспектори ҳамда фуқароларнинг таклифлари тингланди. Суҳбатлар жараёнида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга оид тарғибот материаллари тарқатилди.
Баҳодир Алиқулов,
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси.