Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьялари С.Болтаев ва У.Исмаиловлар томондан судларда жорий этилган янги тергов судьяси институтининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчиликка етказилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда «Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида» тамойили асосида Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида, жумладан, демократия ва ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам туб ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-89-сонли фармонида 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш; жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш; жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш; тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш; тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш кўрсаиб ўтилган.

Фармонга асосан, тергов судьясига: қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома; қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик, илтимоснома; паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома; мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома; почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома; тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома; телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома; мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш ваколатини бериш, шунингдек, айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома; айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси; ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома; прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш ваколатини берилган.

Қуйидагилар, яъни қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш; қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш; фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган.

 

Болтаев Суннатжон,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

 

Исмаилов Улуғбек,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси