ИБРАТЛИ УМР (Одиллик ва оддийлик саодати)

Ушбу мақола Турсунали Акбаровнинг Одиллик ва оддийлик саодати китобини муҳокама қилади. Асарда Ўзбекистон Республикасининг хизмат кўрсатган юристи, Конститутсавий суднинг собиқ раиси Бахтиёр Мирбобоевнинг ҳаёти, касбий фаолияти ва инсоний фазилатлари ёритилган. Ушбу китоб орқали ўқувчи суд тизимидаги адолат мезонлари, ҳалоллик ва садоқат тамойилларини чуқурроқ англайди.

Юртимизда юксак ижтимоий-маънавий қадриятларни, айниқса одиллик, инсонпарварлик ва қонун устуворлигини тарғиб этувчи адабиётлар тобора ортиб бормоқда. Турсунали Акбаровнинг “Одиллик ва оддийлик саодати” асари ҳам шулар сирасига киради. Бахтиёр Мирбобоев ўзининг ҳалоллиги адолатпарварлиги ва оддий халқона фазилатлари билан нафақат юридик доиралар, балки кенг жамоатчилик эътиборини қозонган шахсдир. У киши юртимизда конституциявий қонунчиликнинг  шаклланишида беқиёс ҳисса қўшган, ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида фидокорона хизмат қилган юрист сифатида танилган.

Замонавий жамиятда инсоний қадриятлар қадрсизланиб бораётган даврда, бу китоб инсонларни яна ўзлигига қайтишга чорлайди. Бахтиёр Мирбобоев эса бу иллатларга қарши ҳалоллик, масъулият ва садоқат билан курашган. Унинг ҳаёти ёшлар учун чин маънодаги ибрат мактаби бўла олади.

Суд тизими ҳар бир жамиятда давлат ва халқнинг энг муҳим таянчларидан биридир. Агар суд одил бўлса, халқда қонунларга ишонч бўлади. Шу нуқтаи назардан Мирбобоевнинг принципиал ҳаёти – яъни “ҳеч қачон сотилмаслик”, “босим остида бўлса-да ҳақиқатни танлаш” каби фазилатлари – жамиятимизда барча судяларга намуна бўлади.

Ушбу китобни ўқиш жараёнида шуни тушундимки, юристлик касби нафақат қонунларни билиш, балки инсон қалбини тушуниш, адолат туйғусини юракдан ҳис қилиш ва халқ хизматида сидқидилдан ишлаш керак эканлигига яна бир бора амин бўлдим.

Бахтиёр Мирбобоев образида мен оддийлик ва юксаклик, ҳалоллик ва қатъият, илм ва виждон уйғунлигини кўрдим. Айниқса, муаллифнинг меҳр билан ёзган ҳар бир сатрида юрист шахсиятининг чуқур қатламлари очилгани, уни фақат лавозим эгаси эмас балки ибратли инсон сифатида тасвирлагани мени ҳайратлантирди.

Бу китоб нафақат ҳуқуқшунослар учун балки ҳар бир юртдошимиз учун ахлоқий дарс, камтарлик ва хизмат руҳининг тимсолидир деб ҳисоблайман. Қолаверса, Бахтиёр Мирбобоев каби фидойи юристларнинг ҳаётий фаолиятини ўрганиш – бу ҳуқуқий маданиятимизни янада юксалтириш йўлида муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Китобни ўқиш жараёнида қаҳрамоннинг ҳар бир кичик нарсага ҳам эътиборли эканлиги менинг этиборимни тортди негаки, бугунги кунда инсонлар бу каби нарсалар билан ҳисоблашмайди ва уларнинг аксарияти ҳатто бунга эътибор ҳам беришмайди. Бу каби ҳолатлар одат тусига кириб бўлган десак муболаға бўлмайди. Мисол тариқасида светафор воқеасини айтишимиз мумкин бу воқеа Бахтиёр ака ва ҳамкасби билан содир бўлган, аммо бу вазиятда иккаласи икки хил йўл тутиши орқали Бахтиёр Мирбобоевнинг қанчалар синчков ва эътиборли инсон эканлигини билиб олишимиз мумкин.

Одиллик – фақат суд залида ёки қонун матнларида мужассам бўладиган тушунча эмас. У жамиятнинг ҳар бир қатламида, ҳар бир инсоннинг онгида яшаши лозим бўлган асосий тамойилдир. “Одиллик ва оддийлик саодати” асарида одиллик тушунчаси Бахтиёр Мирбобоевнинг ҳаёти орқали намоён бўлади. Бу ерда одиллик – шунчаки қонунларга амал қилиш эмас, балки ҳар бир қарорни  виждон билан ўлчаб, халқ манфаатини йўлга қўйиб яшашдир. Бу китобни нафақат юристлар балки барча ёшлар орасида тарғиб қилиш лозим негаки, китобни ўқиш жараёнида ўқувчи ёшлар касбга бўлган садоқатни ўрганиб, Бахтиёр Мирбобоев каби ўз касбининг моҳирларидан бўлиб етишадилар.

Хулоса қилиб айтганда, “Одиллик ва оддийлик саодати” асари фақат бир инсоннинг ҳаёт йўли ҳақида эмас, балки бутун бошли  ҳуқуқий тафаккур мактаби, касб маданияти, одоб-ахлоқ кодекси ҳақида ибратли рисоладир. Унда ёритилган Бахтиёр Мирбобоев тимсоли орқали муаллиф адолатли жамиятни барпо этиш йўлида фидокорона хизмат қилган шахсни ўзига хос санъат билан тасвирлаган. Ушбу асар ёш юристлар, ҳуқуқшуносликка қизиқувчилар ва инсоний фазилатларни қадрловчилар учун муҳим манбадир. Асар орқали ёшлар ичида адолатга интилиш кучаяди, судялик касбига нисбатан ҳурмат шаклланади ҳамда ҳақиқий юрист қандай бўлиши кераклиги ҳақида тушунчаларга эга бўлади.

 

Беҳзод Шерматов,

Навоий вилоят суди судьяси