Иш ҳақини ўз муддатида тўлаб бермаслик оқибати
Иш ҳужжатларидан
аниқланишича, даъвогар А.Б Хатирчи туман маданият бўлимида ишлаб 2020 йил бола
парваришлаш таътилига чиққан.
Даъвогар 2022
йилдан буён бола парваришлаш таътилидан иш жойига қайтмоқчи бўлганида жавобгар Хатирчи
туман маданият бўлими томонидан ишга қабул қилинмаган.
Даъвогар А.Б иш
жойига ишга чиқишига розилик берилмагандан кейин Хатирчи туман адлия бўлими
томонидан 2025 йил 3 март куни жавобгар Хатирчи туман маданият бўлимига қонунбузилиши
холатини бартараф этишни сўраб тақдимнома киритилган.
Хатирчи туман
адлия бўлимининг тақдимномасига асосан даъвогар А.Б маданият бўлимига 3.03.2025
йилда уста дурадгорлик вазифасига ишга тикланган ва 2024 йил 4 ноябрдан ўз
ишини давом эттириш кўрсатилган.
Ўзбекистон
Республикаси Меҳнат Кодексининг 254-моддасига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда иш берувчидан ходимга берилиши керак
бўлган барча суммаларни тўлаш ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор
қилинган куни амалга оширилади. Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган
куни ишламаган бўлса, тегишли суммалар ушбу ходим томонидан ҳисоб-китоб қилиш
тўғрисидаги талаб тақдим этилганидан кейин уч кундан кечиктирмай тўланиши
керак.
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли бўлган суммалар
миқдорлари тўғрисида низо чиққан тақдирда, иш берувчи ходимга шак-шубҳасиз
тегадиган суммани ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган
муддатда тўлаши шарт.
Ўзбекистон
Республикаси Меҳнат Кодексининг 253-моддасига кўра Ходимларга
иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд
бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади
ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларга ойлик иш ҳақи,
қоида тариқасида, ўн олти кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга
бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида) тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси
томонидан иш ҳақи ойига бир марта тўланадиган ходимларнинг айрим тоифалари
белгиланиши мумкин.
Иш ҳақи тўланадиган кун дам олиш кунига ёки
ишланмайдиган байрам кунига тўғри келиб қолганда иш ҳақи ушбу кунлар арафасида
тўланади.
Ходимга тегишли бўлган иш ҳақининг ўз вақтида
тўланиши ва миқдори бошқа тўловларни амалга оширишга ҳамда уларнинг навбатига
боғлиқ қилиб қўйилмаслиги керак.
Иш берувчи ходимнинг сўровига кўра уни иш берувчи
томонидан ходимнинг иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш чоғида амалга оширилган
ҳисоблашлар ва ушлаб қолишлар тўғрисида хабардор қилиши шарт.
Иш берувчи иш ҳақини тўлаш кечиктирилганлиги учун
ходим олдида ушбу Кодекснинг 333-моддасида белгиланган
миқдорда моддий жавобгар бўлади.
Ўзбекистон
Республикаси Меҳнат Кодексининг 333-моддасида иш берувчи иш ҳақини, таътил
тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга
тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни
тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган
кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон
Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш
ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши
шарт.
Ходимга
тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Ўзбекистон Республикаси
Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади.
Ушбу
модданинг иккинчи қисмида белгиланган,
ходимга тўланадиган пулли компенсациянинг миқдори жамоа шартномаси, ички ҳужжат
ёки меҳнат шартномаси билан оширилиши мумкин. Мазкур пулли компенсацияни тўлаш
мажбурияти иш берувчининг ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган
бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъий назар
юзага келади.
Суд даъвогарнинг пулли компенсация ундириш
ҳақидаги талабини муҳокама қилиб, жавобгар Хатирчи туман маданият бўлимининг
3.03.2025 йилдаги буйруғида даъвогарнинг 2024 йил 4 ноябрдан ўз ишини давом
эттириши кўрсатилган, бироқ 2024 йил 4 ноябрдан бошлаб тўланиши керак бўлган иш
ҳақлари 13.03.2025 йилга келиб тўлаб берилган.
Иш берувчининг
ушбу ҳаракатлари оқибатида иш ҳақлари кечиктирилиб тўлаб берилишига олиб
келган.
Ўзбекистон
Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкаси 13.5 % ни ташкил қилган,
марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 10 фоизи 1.3% ни ташкил қилади, яъни
ходимга тўлаб берилмаган жами сумма иш ҳақи тўлаб берилмаган барча кунлар учун
1.3% дан кўпайиб бориб, шунга кўра иш ҳақи тўлаб берилиши кечиктирилган кунлар
Хатирчи туман Маданият бўлими томонидан 2024 йил декабрь ойидан 2025 йил 13
март ойигача бўлган даврда 72 кунни ташкил этади, ноябрь ойидаги тўланиши керак
бўлган иш ҳақи 1.200.000 (1.200.000 сўмнинг 1.3 фоизи 15.600 сўмни ташкил
қилади, 15.600*72=1.123.200 сўм) ва иш ҳақи тўлаб берилмаган ҳар бир
кечиктирилган кун учун 1.123.200 сўм пулли компенсация ҳисобланади.
2025 йилнинг
январь ойида тўланиши керак бўлган 2024 йил декабрь ойининг иш ҳақиси 1.200.000
сўмни ташкил қилади, 2025 йилнинг январь ойидан 2025 йил 13 мартгача бўлган
даврда 52 кун иш ҳақи тўланиши кечиккан (1.200.000 сўмнинг 1.3 фоизи 15.600
сўмни ташкил қилишини, 15.600*52=811.200 сўм) ва иш ҳақи тўлаб берилмаган ҳар
бир кечиктирилган кун учун 811.200 сўм
пулли компенсация ҳисобланади.
2025 йилнинг
февраль ойида тўланиши керак бўлган 2024 йил январь ойининг иш ҳақиси 1.200.000
сўмни ташкил қилиб, 2025 йилнинг февраль ойидан 2025 йил 13 мартгача бўлган
даврда 29 кун иш ҳақи тўланиши кечиккан (1.200.000 сўмнинг 1.3 фоизи 15.600
сўмни ташкил қилишини, 15.600*29=452.000 сўм) ва иш ҳақи тўлаб берилмаган ҳар
бир кечиктирилган кун учун 452.000 сўм
пулли компенсация ҳисобланади, иш ҳақини ўз вақтида тўлаб берилмагани сабабли
ҳар бир кечиктирилган кунлар учун (1.123.200+811.200+452.000=2.386.400) 2.386.400
сўм пулли компенсация ундиришни лозим топди.
Бир сўз билан
айтганда суд қарорига асосан ходимнинг меҳнат ҳуқуқи қонуний кафолатлари таъминланди.
Баходир Бабақулов,
Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси
Шохрух Каримов,
Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг
судьяси