Иқтисодий судларда прокурор иштирокининг янги босқичи жорий этилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2024 йилнинг 30 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-968-сон Қонун қабул қилинди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 49-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, прокурор ўзининг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкин.

Прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ишлар мустасно.

Ушбу Қонун қабул қилингунга қадар, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин эди.

Эндиликда эса киритилган ўзгартиришга мувофиқ, прокурор айнан қандай тоифадаги ишларда иштирок этиши мумкинлиги аниқ кўрсатиб берилди.

Шунингдек, Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексининг 2881-моддасига қўшимча киритилиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ушбу Кодекс 282-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда ёки прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича ёхуд қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган бўлиб, бироқ у суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган ишлар бўйича кассация протести киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун тегишли иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли эканлиги назарда тутилди.

Ушбу қабул қилинган Қонун фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

ДилшодТурдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси.