Иқтисодий судларда соддалаштирилган тартибда иш юритиш
Бугунги
кунда иқтисодий судларда соддалаштирилган тартибда бир қатор ишлар кўриб
чиқилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси
(кейинги ўринларда “ИПК” деб юритилади)нинг 2032-моддасига биноан,
агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма
бараваридан, якка тартибдаги
тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари
бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.
Корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир
чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб
чиқилмайди.
Агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб
чиқиш чоғида учинчи шахснинг ишга киришиш тўғрисидаги илтимосномаси
қаноатлантирилган, ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши мумкин
бўлмаган қарши даъво қабул қилинган бўлса ёхуд агар суд қуйидагилар хусусида,
шу жумладан тарафлардан бирининг илтимосномасига кўра қуйидагилар хусусида
хулосага келса, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш
ҳақида ажрим чиқаради:
1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб
чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа
сирнинг ошкор қилинишига олиб келиши мумкин бўлса;
2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни
текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш,
экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;
3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ
бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул
қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан
қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса.
Ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича
кўриш тўғрисидаги ажримда ишда иштирок этувчи шахслар бажариши лозим бўлган
ҳаракатлар ва ушбу ҳаракатларни бажариш муддатлари кўрсатилади. Ажрим
чиқарилгандан сўнг ишни кўриш бошидан бошланади.
Ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб билдирилган
бўлиб, улардан бири ушбу модданинг биринчи
қисмида кўрсатилган
талабларга тааллуқли бўлган, бошқалари эса уларга тааллуқли бўлмаган тақдирда,
барча талаблар даъво ишини юритишнинг ушбу Кодексда белгиланган умумий
қоидалари бўйича кўрилиши лозим.
Ушбу тоифадаги ишларни кўришда суд даъво аризасини иш
юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради, ажримда иш
соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўрилишини ҳамда иш кўриб чиқиладиган
санани кўрсатади.
Жавобгар даъво аризаси юзасидан ёзма фикрини даъво
аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан
эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва
далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли. Ёзма фикрга унинг кўчирма
нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Даъво аризасининг судга юборилиши ҳақида тегишли
тарзда хабардор қилинган жавобгар томонидан даъво аризаси юзасидан ёзма фикр
тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб
чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Белгиланган муддат ўтганидан кейин судга келиб тушган
даъво аризаси юзасидан ёзма фикр, далиллар ва бошқа ҳужжатлар, агар уларни
белгиланган муддатда тақдим этишнинг имкони бўлмаганлиги тараф томонидан
асослантирилган ва улар суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар
келиб тушган бўлса, қабул қилинади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво
аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан
эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма
фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат
ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш
муддати узайтирилмайди.
Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд
муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг
тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.
Шунингдек, ИПКнинг 2035-моддасига биноан, соддалаштирилган
иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу
Кодекснинг 21-бобида назарда
тутилган умумий қоидаларга кўра, ушбу бобда белгиланган хусусиятлар ҳисобга
олинган ҳолда суд томонидан қабул қилинади.
Ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести)
берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал
қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг
қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Судларда ишларни соддаштирилган иш юритиш тартибида
кўриш аввало тарафларнинг оворагарчилигини олдини олишга ҳамда уларнинг
қимматли вақтларини тежашга хизмат қилади.
Дилшод Турдиев,
Учқудуқ туман
иқтисодий судининг раиси