Иқтисодий судларда суд ҳужжатларини ижро этишнинг ўзига хос хусусиятлари

Бош Қомусимиз бўлган Конституциямизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги, давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши белгиланган.

Дарҳақиқат, инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, уларни ишончли ҳимоя қилиш, шу жумладан, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари амалга оширилишини кафолатлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловнинг самарадорлигини, халқимизнинг суд органларига нисбатан ишончи ва ҳурматини ошириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, суд томонидан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари қатъий ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бажарилиши мажбурийдир.

Хусусан, суд томонидан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари ижросини қонуний муддатларда таъминлаш ўта муҳим бўлиб, суд қарорларининг ижросини ўз вақтида бажарилиши фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ортишига ҳамда суд ҳокимиятининг нуфузини янада юксалишига хизмат қилади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (кейинги ўринларда матнда ИПК деб юритилади)нинг 15-моддасига мувофиқ, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.

Амалдаги, ИПКнинг 192-моддасига  асосан ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради. Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Демак, ҳал қилув қарори ижро этилишининг асосий шарти унинг қонуний кучга кирганлиги ҳамда бекор қилинмаганлиги ҳисобланади.

Шунингдек, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ҳужжатининг ижроси суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.

Ушбу кодекснинг 335-моддасига кўра, суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ижро варақаси ҳисобланади.

ИПКнинг 336-моддасида белгиланганидек, суд ҳужжати бўйича битта ижро варақаси берилади, бундан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳоллар мустасно. Агар суд ҳужжатини ижро этиш турли жойларда ёхуд бир нечта ундирувчи фойдасига амалга оширилиши керак бўлса, суд ундирувчиларнинг илтимосига кўра ижро этиш жойи ёхуд суд ҳужжатининг ушбу ижро варақаси бўйича ижро этилиши лозим бўлган қисмини кўрсатган ҳолда бир нечта ижро варақасини беради. Ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан берилади. Суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади. Бюджетга маблағларни ундириш учун ижро варақаси қарздор турган жойдаги давлат ижрочисига суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида юборилиб, ижро варақа мазмуни ИПКда белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.

Бундан ташқари, ИПКнинг 338-моддасига асосан суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан эътиборан ёки суд ҳужжатининг ижроси кечиктирилган ёки бўлиб бўлиб ижро этилган тақдирда, муддат тугаган кундан эътиборан уч йил ичида ижрога тақдим этилиши мумкин. Агар суд ҳужжатининг ижроси тўхтатиб қўйилган бўлса, унинг ижроси тўхтатиб қўйилган вақт ижро варақасини ижрога тақдим этиш учун белгиланган муддатга қўшиб ҳисобланмайди.

Статистик маълумотларни таҳлил қилсак, Учқудуқ туман иқтисодий суди томонидан 2024 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли туман (шаҳар) бўлимларига жами 572,3 млн. сўмлик 311 та ижро варақалар юборилган бўлиб, шундан 460,8 млн. сўмлик 228 та ижро варақаларнинг ижроси амалда  таъминланган.

Эътиборли жиҳатларидан яна бири шундаки, суд ҳужжатларини ижроси билан боғлиқ аризаларни судлар томонидан кўриб чиққанлик учун давлат божи ундирилмайди, манфаатдор шахс, асосан ундирувчи ариза ва унга зарур ҳужжатларни илова қилинишининг ўзи етарли ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, суд ҳужжатларини ўз вақтида ижросини таъминлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим мезонларидан бири ҳисобланади ҳамда фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга замин яратади.

 

Турдиев Дилшод,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси