Йирик корхонадаги долзарб учрашув
Қонунчиликда суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатлиги назарда тутилган.
Шунингдек, жамиятда аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятининг юксак даражада бўлиши ҳамда шахснинг ўзга фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда ўз ҳуқуқларини амалга ошириши ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг одини олишдаги энг муҳим омиллардан биридир.
Айни шу мақсадда Зарафшон шаҳар ва Томди туман судлари томонидан суд-ҳуқуқ ҳамда сайлов тизимида амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Иқтисодий процессуал кодексларига ҳамда киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмуни, судларга мурожаат қилиш тартиби, фуқароларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Марказий кон бошқармаси ходимлари иштирокида ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.
Ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирида сўзга чиққан маърузачилар Зарафшон шаҳри ва Томди тумани ҳудудида кўпайган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик турлари, хусусан аёллар ва вояга етмаган ёшлар жиноятчилиги, шунингдек соғликни сақлаш тизими ходимлари томонидан содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олишда эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар, бу каби қонунсиз хатти-ҳаракатлар учун белгиланган жазо чоралари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.
Тадбир давомида сўнгги вақтларда ёшлар ўртасида айниқса психотроп моддаларни тарқатиш ва истеъмол қилиш, ижтимоий тармоқларда таъқиқланган сайтларга кириш, ўғирлик, безорилик каби жиноятчилик сони ошиб бораётганлиги энг ҳавотирли ҳолат эканлиги алоҳида қайд этилиб, мазкур жиноятларни келиб чиқмаслиги учун ота-оналар фарзандлари тарбиясига жиддий эътибор қаратиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Шундан сўнг маърузачилар тадбир иштирокчиларининг саволлари ва мурожаатларига тегишли тушунтириш ва жавоб беришди.
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.