Кармана туманлараро иқтисодий судида бўлиб ўтган очиқ мулоқот тафсилотлари
Кармана туманлараро иқтисодий суди биносида, суд раиси А.Хамидов раислигида, судья Ҳ.Саъдуллаев ва Ф.Бахроновлар иштирокида, Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилояти бошқармаси ходимлари, вилоятда фаолият юритаётган суд тугатиш бошқарувчилари, давлат унитар корхоналари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва банкларнинг ҳуқуқшунослари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг бозор ислоҳотларини жадаллаштиришга қаратилган Фармонлари ҳамда Олий суд Пленуми қарорларининг мазмун моҳиятини тушунтириш ва “Медиа режа” ижросини таъминлаш юзасидан очиқ мулоқот шаклида учрашув ташкил қилинди.
Жорий йилнинг 18 июль куни бўлиб ўтган ушбу учрашувда судьялар томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 23 июнь кунги “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1070-сон қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июнь кунги “Мамлакатимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-97-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 23 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сонли қарори мазмун-моҳияти учрашув иштирокчиларига батафсил тушунтириб берилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 23 июнь кунги “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1070-сон қонуни 4-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банкларни санация қилиш ва тугатиш соҳасидаги ваколатли давлат органи эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июнь кунги “Мамлакатимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-97-сон Фармони билан Солиқ кодексида белгиланган алоҳида солиқлар бўйича имтиёзлар Тошкент вилоятидаги 4 ва 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектларига ҳам татбиқ этилиши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 23 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сонли қарорининг 19-бандига асосан, қонун ҳужжатларини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузганлик, шунингдек Қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар суд бошқарувчисининг вазифасини бажаришдан озод қилиш учун асос бўлиши белгиланганлиги ҳақида иштирокчиларга керакли маълумотлар берилди.
Бундан ташқари, тугатиш бошқарувчиларига Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуни 140-моддаси иккинчи қисмига кўра, тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомили муддати ўн икки ойдан ошиши мумкин эмаслиги яна бир бор эслатилиб, ушбу муддатларга риоя қилинмаслиги оқибатлари батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, тадбир сўнгида қонун, Фармон ва қарор юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга судьялар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Фахриддин Бахронов,
Кармана туманлараро иқтисодий суди судьяси.