Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан Навоий шаҳридаги “Кимёгар” маҳалласида хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳамда тадбиркорлик субъектлари раҳбари ва вакиллари иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди
Суд раиси сайёр суд мажлисини бошлашдан олдин, “Кимёгар” МФЙ фаоллари, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида республикамизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳамда янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти хусусида давра сўҳбати ўтказилди.
Тадбирда суд раиси томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-968-сонли Қонуни юзасидан тегишли тушунтиришлар берилиб, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилганлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбирда йиғилиш иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволлари ва муаммоли ҳолатлари бўйича маърузачига мурожаат қилиб, берилган саволларига тегишлича жавоблар қайтарилди ва муаммоларнинг ечимлари бўйича маърузачи томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Акбар Хамидов,
Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси.