КЕЛИШУВ БИТИМИ ВА МЕДИАЦИЯ, УЛАРНИНГ БИР-БИРИДАН ФАРҚИ

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига биноан, суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК) талабига кўра, иқтисодий судлар низоларни кўришда тарафларни келиштириш чораларини кўради.

Бундай келиштириш чоралари ИПКнинг 131-моддасига мувофиқ, келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳисобланади.

Келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Келишув битими ва медиатив келишувнинг ўзаро фарқли жиҳатлари нималардан иборат.

1. Медиация – “medium”, яъни “воситачи” сўзи билан ифодаланган бўлиб, келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули.

Келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби бўйича аниқликка эришишга қаратилган низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади.

2. Медиация низоларнинг 3 та тоифаси бўйича амалга оширилиши мумкин: фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низолар, якка меҳнат низолари, оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар.

Келишув битими эса иқтисодий судлардаги  низолар бўйича тузилиши мумкин.

3. Медиатив келишувда тарафлар келиб чиққан низони Медиатор кўмагида ҳал қилади.

Келишув битими эса, агар унинг шартлари қонунчиликка зид бўлмаса, учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлмаса ҳамда у шарт асосида тузилмаган бўлса, суд томонидан тасдиқланади.

4. Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, даъво аризаси ИПКнинг 107-моддаси 53-бандига асосан кўрмасдан қолдирилади. Бундан медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун янгидан судга мурожаат этишга ҳақли.

Тарафлар ўртасида келишув битими тузилганда эса, даъво аризаси бўйича иш юритиш ИПКнинг 110-моддаси 7-бандига биноан тугатилади ва мазкур низо юзасидан судга такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.

5. Медиатив келишувда медиаторлар далилларни текширмайди ва уларга баҳо бермайди, аксинча тарафлар ўртасида бир-бирларини тушунишга, ўзаро мақбул шартларда муаммони ҳал этиш имкониятларини излаш ва ҳал этишга кўмаклашади.

Келишув битимида эса суд далилларга баҳо беради, агар битим шартлари қонунчиликка зид бўлса, келишув битимини тасдиқламайди.

6. Медиатив келишув амалда суддан ташқари ҳужжатлар сирасига киритилган. Қонунда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш ва у бўйича ижро варақасини бериш кўрсатилмаган.

Келишув битими эса суд томонидан тасдиқланадиган ҳужжат ва бу бўйича ижро варақаси берилади.

7. Медиация жараёни мажбурийлик кучига эга бўлмаган, тарафларнинг ихтиёрийлигига асосланган жараён. Бунда низолашаётган тарафлар ўз ихтиёрларига кўра учинчи шахснинг воситачилигида келиб чиққан низони ўзаро муроса – ярашув йўли билан ҳал этадилар.

Келишув битимининг шартлари мажбурий бўлиб ҳисобланади.

8. Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилганда, тўланган давлат божи қайтарилади, бундан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиатив келишув тузилган ҳоллар мустасно.

Келишув битими тузилганда тўланган давлат божи қайтарилмайди, агар тўланмаган бўлса, ИПКнинг 118-моддаси талаблари асосида ҳал этилади.

Хулоса қилиб айтганда, судларда низоларни кўришда ярашув тартиб-таомилларини танлаш ва натижада келишув битими ёки медиатив келишув тузиш процесс иштирокчиларининг хоҳишига боғлиқ.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси.