Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатидир

Конституция – давлатимизнинг бош қонуни, мамлакатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатидир.

Конституция ҳар бир давлат тараққиётининг пойдевори бўлган ҳуқуқий, сиёсий ва мафкуравий ҳужжат – мамлакатнинг асосий қонуни ҳисобланади.

Айтиш жоизки, Конституциямиз мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ҳаётини таъминлашнинг муҳим асосидир.

Конституция асосида инсон қадри улуғланадиган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш мақсадида кенг қамровли янгиланишлар ва ислоҳотлар амалга оширилди, бу борада бой тажриба тўпланди.

Маълумки, мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Конституцияда энг муҳим жиҳатлари инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадриммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда демократик ҳуқуқий давлат қуриш билан боғлиқ ўзгаришлар киритилди.

Хусусан, Конституциямизга мувофиқ, демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши асосий қонунимизда белгилаб берилди.

Конституциямизда энг олий қадрият сифатида асосий эътибор давлатга эмас, балки инсон манфаатларига қаратилди.

Шунинг учун ҳам инсонларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш, уларнинг тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш, инсонга муносиб ҳаёт шароитлари яратиш, уни бахтли қилиш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Қонунимизнинг асосий тамойили бўлиб ҳисобланади.

Шуни таъкидлаш жоизки, миллий манфаатларимиз ва интилишларимизга асосланган халқаро ҳуқуқ нормалари билан қиёсланган муҳим ҳужжатни қабул қилиниши билан Ўзбекистон бутун дунёга инсон ҳуқуқларининг муқаддаслиги ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини, халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, ўз миллий бойликларига ўзи эгалик қилиши Бош Қонунимизда белгилаб қўйилди.

Конституциянинг 55-моддасига кўра, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

 Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли. Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.

Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини, ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Конституциямизга бундай норма киритилиши, ўз навбатида, бузилган ҳуқуқни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай усуллар билан, ўзгаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилмаган ҳолда ҳимоя қилишни ҳамда ҳар бир фуқаронинг ўзига тегишли бўлган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, Бош қомусимиз нафақат демократик тараққиётимизнинг кафолати, балки ижтимоий ҳаётимизда содир бўлаётган улкан ўзгаришларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланаши, инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни ошириши билан биргаликда, ҳуқуқий кафолатларни шакллантирди ва мустаҳкамлади.

 

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси