Коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш
Коррупция ўзи нима? Коррупция бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.
Коррупция турли даврларда турли олимлар турли хил муносабат билдирган, хусусан, Никколо Макиавелли уни йўталга қиёслайди ва шундай дейди, “Коррупцияни ҳам йўталга ўхшаб аниқлаш қийин, аммо даволаш осон, лекин бу касални ўтказиб юборсангиз уни аниқлаш осон аммо даволаш қийин” дея таъриф беради. Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупциядир, деб қайд этган.
2017-йил 3-январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилинши – бу соҳада янги бир саҳифани очиб берди. Ушбу қонун ҳужжати қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эга:
Биринчидан, унда Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг белгилаб қўйилганлиги бўлиб, бу соҳада тизимли ишлар олиб бориши Анти–коррупцион ишларнинг тизим сифатида ташкил қилинишига ёрдам беради.
Иккинчидан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масаласига қонун ҳужжати доирасида алоҳида тўхталгани ва уни ташкил қилишнинг омиллари, амалга ошириш механизмларининг белгиланганлиги муҳим хусусиятлардан бири бўлди.
Учинчидан, коррупциянинг олдини олишга доир чора–тадбирларнинг қонун ҳужжатида белгилаб берилганлиги хусусияти бўлиб, бу белгиланган чора–тадбирлар, нафақат коррупцияга қарши қонунчилик ва жазо чоралари билан курашни, балки уни олдини олиш, бунинг учун эса фуқароларнинг ҳуқуқий онгни ва маданияти юксалтириш омилига кенг тўхтаб ўтилган.
Тўртинчидан, Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, бу борада қонунни қўллаш амалиётини амалга ошириш ҳақида турли тамойиллар ва ҳаракатларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталиб ўтилган.
Умуман олганда, бу қонун бугунги кунда олдимизга қўйган энг эзгу мақсадларимиз, миллий ғоямизда ифода қилинаётган Янги Ўзбекистон янгича дунёқарашни фуқароларимизда шакллатиришда муҳим ўрин эгаллайди.
Давлатимиз ривожланиши, коррупциянинг йўқолишида ҳар биримизнинг кичик ҳиссамиз орқали улкан натижаларга олиб келади.
У.Исмаилов,
Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси
Н.Зайниев,
Навоий вилоят маъмурий судининг судя катта ёрдамчиси