Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмалар янада оширилади

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш механизми кучайтирилиб, жамиятда коррупция иллатига нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.

Бу борада барча давлат органлари ва уларнинг тузилмаларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияга чек қўйишни назарда тутувчи бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, 2024 йил 21 июнда “Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-228-сонли Қарори қабул қилинганлиги ҳам бу борада муҳим қадам бўлди.

Мазкур Қарорни қабул қилишдан мақсад, аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш ҳисобланиб, унинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ёш авлод онгига ҳалоллик қадриятларини сингдириш;

коррупцияга қарши курашишга масъул ҳамда коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларидаги ходимларнинг билим, кўникма ва малакаларини доимий равишда ошириб бориш;

давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини баҳолаш ва сертификатлаш ҳамда сертификат олган давлат хизматчиларининг реестрини юритиш;

коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги миллий ва хорижий тажриба, илмий, услубий ва амалий ишланмалар, эришилган ютуқлар бўйича электрон маълумотлар базасини юритиш;

коррупцияга қарши курашишнинг долзарб муаммолари юзасидан илмий-тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини, шу жумладан, миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш.

Шунингдек, Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформаси (Виртуал академия) жорий этилади.

Виртуал академияда ўқув фаолиятини ташкил этиш ва юритиш Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан амалга оширилиши белгиланиб, Давлат органлари ва ташкилотларига мунтазам равишда ўз ходимларининг Виртуал академияда коррупцияга қарши курашиш соҳасида малакасини ошириб боришларини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мазкур Қарорнинг қабул қилиниши аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини янада оширишга хизмат қилади.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси.