Кредит муносабатларида қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун моҳияти

Кейинги йилларда республикада тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023-йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 292-сонли қарорининг 10-бандида 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши белгиланган.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди:

Кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 734-моддаси биринчи қисмида агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ эндиликда агар кредит шартномаси бўйича кредит қарздорликларини ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинган бўлса, яна ўша кредит бўйича фоизлар ҳисоблаб ундирилмайди.

Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорликни ривожлантиришга, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга, уларга кредит муносабатларида енгилликлар яратишга, айрим муаммоларни самарали ҳал этишга хизмат қилади.

 

Джумаев Бекзод,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси.