Маъмурий судга мурожаат қилганда давлат божи бўйича жисмоний шахсларга берилган имтиёзлар

Тобора кенг қамров ва долзарб аҳамият касб этаётган суд-хуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар замирида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари муҳофазаси мужассам.

«Давлат божи тўғрисидаги» Ўзбекистан Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган узгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун ҳам айнан шу мақсадга қаратилган.

Президентимиз томонидан 2024 йил 16 январда имзоланган мазкур Қонунга мувофиқ жисмоний шахслар томонидан маъмурий судга ариза беришда давлат божи тўлаш талаби ўзгартирилди. Юқоридаги санага қадар маъмурий судга шикоят-ариза беришда олдиндан давлат божи тўлаш мажбурий эди. Эндиликда давлат божини суд якунига ундириш тартиби жорий қилинди. Агар суд якунида аризачи фуқаронинг аризаси рад қилинса, суд қарори билан аризачи жисмоний шахсдан базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Жисмоний шахснинг аризаси қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи жавобгар тарафдан амалдаги базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиб ундирилади.

Қонунчиликка мувофиқ амалга татбиқ этилган мазкур янгиланишни «Инсон қадри учун» тамойили билан изоҳлаш ва аҳолига қулай шароит ҳамда имкониятлар яратиш, ортиқча оворагарчилик ва сарсонгарчиликларнинг олдини олишга қаратилган навбатдаги қадам дейиш мумкин.

 

САЛОХИДДИН ТУРСУНОВ,

Навоий вилояти маъмурий суди судьяси.