Маъмурий судлар – фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳимоячиси
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий бўғинларидан бири бўлган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жамият ҳаётида айниқса муҳим аҳамият касб этмоқда. Нимагаки, жамиятнинг демократик тамойилларга қай даражада асосланганлиги бевосита судларнинг мустақиллигига, тўғрироғи адолатнинг ҳеч бўлмаганда суд биносида қарор топишига боғлиқ десак муболаға бўлмайди.
Бу борада фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, қолаверса, давлат органлари ва улар мансабдор шахслари билан фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилиш учун 2017 йилда маъмурий судлар ташкил этилган эди. Олиб борилган давомий ислоҳотлар натижасида 2021 йилга келиб маъмурий судлар фаолияти қайта ташкиллаштирилди. Натижада вилоят марказларида туманлараро маъмурий судлари ва вилоят маъмурий судлари ўз фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 29 январда қабул қилинган ПҚ-107-сонли қарори маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишни ўзида мусажжамлаштирган, аниқ мақсадлар кўзда тутилган ҳужжат бўлди.
Зеро унинг биринчи бандида, маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш эканлиги белгиланди.
Бундан ташқари, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишни ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ва тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғида фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш; маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш; оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш тарзидаги ўзгаришларни қонунчиликка киритиш назарда тутилган.
Шу ўринда қайд этиш керакки, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш айниқса бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Қарорнинг 4-бандида Олий суд ва Судьялар олий кенгашининг судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш; маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгилаш; бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришни тақиқлаш сингари таклифларини маъқуллаш белгиланди.
Бундан келиб чиқадики, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш тўғрисидаги таклиф юзасидан қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришлар фуқаролар ва тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга, шунингдек, судга бўлган ишончнинг ортишига замин яратади.
Нигора Кенжаева
Навоий туманлараро
маъмурий судининг судьяси