Маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг ҳуқуқий билимлари оширилди

Инсон ҳуқуқлари – ҳар бир инсоннинг миллати, яшаш жойи, жинси, этник келиб чиқиши, танасининг ранги, дини, тили ва бошқа белгиларидан қатъи назар, ажралмас ҳуқуқларидир. Барча одамлар ҳар қандай турдаги камситишларни истисно қилган ҳолда, инсон ҳуқуқларидан бир хилда фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ушбу ҳуқуқлар ўзаро боғлиқ ва ажралмасдир.

Инсоннинг умумбашарий ҳуқуқлари кўпинча шартномалар, халқаро одат ҳуқуқи, ҳуқуқнинг умумий принциплари ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа манбаларида қонун кўринишида мустаҳкамланган ва кафолатланган. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ давлатларга инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ривожлантириш ҳамда ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларни юклайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳадсидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46 сон қарорининг 12-бандига мувофиқ юртимизда жорий йилнинг 20-28 февраль кунлари «Инсон хуқуқлари” ҳафталиги ўтказилиши белгиланган.

Тарғибот ҳафталигини муносиб ўтказиш мақсадида Навоий вилоят суди ва вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича Ўқув курси ҳамкорликда маҳалла раислари учун “Инсон ҳуқуқлари-олий қадрият” мавзусида учрашув ўтказилди. Учрашувда вилоят суди судьялари Г.Худойбердиева, А.Бахронов ва Ф.Ҳамидовлар иштирок этиб, тадбир иштирокчиларига инсон ҳуқуқларини амалга оширилишида давлатимизда қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар, оилаларни мустаҳкамлаш, ажрашишларнинг салбий оқибатлари, маҳалларда фуқаролар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олишда энг аввало аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш зарурлилиги ҳақида зарур тушунчалар берилди. Тадбир давомида МФЙ раислари томонидан ўз фаолияти давомида дуч келаётган муаммолар юзасидан берилган саволларга зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

 

Навоий вилоят суди судьяси

Гулнафис Худайбердиева