Медиациянинг пайдо бўлиши ва ривожланиш босқичлари
Медиация
институтининг пайдо бўлиши ва тарихи қариндош уруғлар орасида вужудга келган
турли хил низоларни ва келишмовчиликларни тинч йўл билан, ўзаро ҳал этишга
қаратилган ижтимоий муносабатларга бориб тақалади. Қонунни ривожлантириш
тарихида Вавилон, Қадимий Греция ва Қадимий Римда медиацияни қўллаш қайд
этилган. Рим ҳуқуқида Юстиниан кодексидан бошлаб ( VI аср) баҳс-мунозараларни
ҳал қилиш учун воситачилик тан олинган. Медиация технологияси асосан савдода
қўлланилган. Римликлар баҳс-мунозараларни ҳал қилувчи мутахассисларни “medium”
– “воситачи” сўзи билан ифодалашган. Воситачиларга алоҳида ҳурмат билан
муносабатда бўлишган. Ҳаттоки уларни доҳийлар ва руҳонийлар билан бир қаторга
қўйишган.
Замонавий тушунчаларда медиация XX асрнинг иккинчи
ярмида АҚШ, Австралия ва Буюк Британияда ривожлана бошлаган. Европада
медиаторлар оилавий мунозараларни ҳал қилишга жалб қилинган.
Кўп асрлар давомида медиация давлатлараро
алоқаларда, оилалар, қўшнилар, сиёсий партиялар, профессионал, диний ва бошқа
жамоатчилик гуруҳлари ўртасида ҳамда парламентда юзага келадиган низоларни
бартараф этишда муваффақиятли қўлланилган.
Биз
учун медиация институти бутунлай ёт тушунча эмас, балки у турли шаклларда узоқ
йиллардан буён халқимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб келган. Мамлакатимизда
медиация институти ривожланиш тарихини шартли равишда тўрт босқичга бўлишимиз
мумкин:
Биринчи босқич. – Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида эрамиздан аввал VII-VI асрлардан
эрамизнинг VII асрига қадар Зардуштийлик таълимоти билан боғлиқ.
Зардуштийликда
низо-(конфликт)дан кўра ризо (консенсиус) устувордир. Жамиятда бундай
ғояларнинг устуворлиги эса муроса тушунчасини келтириб чиқаради. Муросаю-мадора
устувор бўлган жамият эса барқарор бўлади.
Худди
шунингдек “Авесто” нинг туб мазмун-моҳиятини белгилаб берадиган эзгу фикр, эзгу
сўз, эзгу амал деган тамойилда ҳозирги замон учун ҳам беҳад ибратли бўлган
сабоқлар борлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Ана шундай фикрлар, яъни, эзгу
ният, сўз ва иш бирлигини жамият ҳаётининг устивор ғояси сифатида талқин этиш
бизнинг бугунги маънавий идеалларимиз билан нақадар узвий боғлиқ, нечоғлиқ
мустаҳкам ҳаётий асосга эга экани айниқса эътиборлидир. ”Муқаддас “Авесто” да
айтилишича, “Эй, буюк Аҳурамаздо, бизни ростгўйлик воситаси билан ўз ҳимоянгга
ол, токи биз томон хайрли фикр, андишалар ва хайрли ишлар, юриш-туриш
йўллансин” (“Ясно”–53). Зардушт фикрига кўра “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал”
устувор бўлган шахсда, жамиятда тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлади.1
Иккинчи босқич .VII асрдан ХХ асрнинг 20 – йилларигача, яъни, 1920 йилга қадар қарийб
XV асрлик йўлни босиб ўтган медиация тарихи ислом қонунлари ва шариат қоидалари
билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, бу даврда жуда кўп халқларнинг анъанавий-ҳуқуқий
ва маънавий хулқ-атвор нормалари асрлар мобайнида ислом дини, унинг ҳуқуқий
тизими шариат қоидалари билан узвий боғлиқ бўлиб келган. Миллионлаб кишиларнинг
ижтимоий-ҳуқуқий, оммавий-маиший ва ҳатто, шахсий ҳаёти ислом ва унинг ҳуқуқи
таъсирида ривожланиб келган. Шу билан бир қаторда ислом қонунлари бугун биз
“медиация” деб номлаётган тарафларнинг ҳуқуқ бузилиши оқибатида келиб чиққан
низоларни ҳал этишдаги яраштириш, кечиримлилик ва бағрикенгликка асосланган
воситачилик тартиб – тамойилларига мустаҳкам асос яратган.
Марказий
Осиёда ислом динининг тадрижий ривожланиши таъсирида ислом ақидалари маҳаллий
халқ анъаналари ва урф-одатлари билан чамбарчас боғланиб кетган. Турли тарздаги
ўзаро низолар эса худди ана шу бир – бири билан боғлиқ тартиб-тамойиллар
асосида ҳал этиб келинган. Бошқача айтганда, ислом маънавий ва маданий тараққиётга,
давлатчиликни мустаҳкамлашга, сайёрамизда яшаб келаётган улкан омманинг
тафаккури ривожига таъсир кўрсатиб келаётган мустаҳкам тизимдир.
Тинчликка
рахна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, тоифаларга
бўлиниб, ўзаро низолашишнинг қораланиши ҳам исломнинг тинчлик ҳақидаги
таълимоти асосини ташкил этади. Хусусан, Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сураси
9-оятидаги ўзаро низоларни ярашиш, келишиш йўли билан ҳал этиш, жамиятдаги
тинчликка таҳдид қилишда, тажовузкорлик ва зўравонликда давом этадиганларга
нисбатан қатъий ва тезкор чоралар кўриш зарурлиги қайд қилинганини таъкидлаш
муҳимдир.
Қуръони
каримдаги “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват
(йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида, 2) деган оят ҳам юқоридаги мулоҳазанинг
ўринли эканини кўрсатади. 1
Низоларни
ҳал этишда ислом қонунларини ўхшашлиги бўйича қўллаш, қиёслаш, таққослаш,
солиштириш ва мушоҳада қилиш усули Абу Ханифа (р.а) томонидан кенг
фойдаланилган усуллардан бири бўлган. Абу Ханифа (р.а) “муайян масала юзасидан
барча томонларнинг якдил фикри, яъни бирлашиш, иттифоқ бўлиш, келишиш,
азму-қарор қилиш, муҳокама этиладиган масала юзасидан тарафларнинг қатъий бир
фикрга келишуви”ни тарафдори бўлган, яъни ҳозирги тил билан айтганда медиацияни
қўллаган.
Буюк
аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари шарҳида медиациянинг табиати
ҳақида ҳам сўз юритилган. Аллома ўз китобида ҳакамлик қилишга розилик билдирган
шахс қозиларга хос барча фазилатлар эгаси бўлиши лозимлигини таъкидлайди.
“Мабодо икки одам бировни ҳакамликка лойиқ кўриб, унинг чиқарган қароридан
мамнунлик изҳор этган экан, бу қарор шак-шубҳасиз ҳақиқийдир”, – дейди муаллиф.2
Буюк
бобокалонимиз Амир Темурнинг “Сипоҳу раиятни умид ва қўрқув орасида сақладим.
Дўст-душманни муросаю мадора мартабасида тутдим. Қилмишларини, айтган гапларини
сабр-тоқат ва чидам билан ўтказдим. Дўст-душмандан кимки менга илтижо қилиб
келса, дўстларга шундай муомала қилдимки, дўстлиги янада ортди, душманларга эса
шундай муносабатда бўлдимки, уларнинг душманлиги дўстликка айланди” деган шиори
салтанат обрў-мартабасини сақлашга доир энг муҳим бўлган тузукларидан бири
бўлган1
Жаҳон
давлатчилиги тарихида қарийб уч асрдан ортиқ ҳукмронлик қилган Бобурийлар
салтанати бу заминда турли динлар – мусулмонлар, ҳиндулар, жаинлар ва бошқа
диний оқимлар ўртасидаги зиддиятларга барҳам бериб, уларни яқинлаштириш
мақсадида ислом қонунларига асосланган “Тавҳиди илоҳий”, яъни муросаи мадора
усулини жорий этган. Бу усул тараққиёт даражаси, сиёсий, ҳуқуқий, диний
қарашлари турлича бўлган халқларни ягона давлатга бирлаштириш, жипслаштириш ва
муросага келтиришдек ўта мураккаб вазифанинг ечимини топа олганлиги билан жаҳон
ҳуқуқи тарихида ўчмас из қолдирди.
Учинчи босқич. Медиациянинг бу босқичи 1920 йилдан 1990 йилга қадар бўлган 70 йиллик
даврни ўз ичига олади. Совет ҳокимияти ўрнатилгач, қабул қилинган барча қонун
ва қарорлар аввало, социалистик мулк ва давлат манфаатларини кўзлаб ишлаб
чиқилган.
Бироқ,
бу даврда ҳам қисман бўлсада ҳуқуқ бузилиши содир этилиши билан боғлиқ
низоларни ҳал этишда “Оқсоқоллар”, “Маҳалла фаоллари”, “Ҳурматли, кекса ва
обрўли шахслар” кўринишидаги анъанавий вакиллик, яъни медиация усули фаолият
кўрсатиб келган.
Бу
даврда “медиация” ҳақида аниқ бир қонун бўлмаса-да, тарафлар ўртасидаги баъзи
муаммо ва низолар суддан ташқари ва судга қадар ўша давр қонун – қоидалари,
тартиб – тамойиллари ва азалий урф – одат меъёрларига таянган ҳолда ҳал этиб
келинган.
Тўртинчи босқич.1991 йилдан бошланиб ҳозирга қадар бўлган даврни ўз ичига олади.
Таъкидлаш керакки, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган
либераллаштириш сиёсати ижтимоий жиҳатдан жуда катта аҳамиятга эга бўлиб,
мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва инсонпарвар фуқаролик жамиятини
шакллантиришга ўзининг ижобий таъсирини кўрсататмоқда, жамиятда ўзаро ишонч,
тотувлик, адолатпарварлик, инсонпарварлик ва қонунга ҳурмат муҳитини
мустахкамлаётир.
Айни
пайтда минглаб одамлар тақдирида ижобий мазмун касб этиб, уларнинг жамиятдан,
оиладан ажралмаган ҳолда ахлоқан тузалишига имкон беряпти. Ҳуқуқий демократик
давлат ва фуқаролик жамиятида инсонпарварлик ва адолат тамойилларига батамом
мос келадиган ярашув медиация институти миллий қадриятларимизда ҳам ўз
ифодасини топган.
Қаҳҳоров Турғунбой,
Навоий вилоят судининг судьяси