МЕДИАЦИЯ ИНСТИТУТИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ
Бугунги кунда жамиятда юзага
келаётган низоларни тез, самарали ва тинч йўл билан ҳал этиш муҳим масалалардан
биридир. Шу мақсадда жаҳон амалиётида кенг қўлланилаётган институтлардан бири
бу медиатция тизимидир. Медиатив келишув эса ушбу жараённинг асосий натижаси
ҳисобланади.
Хусусан, жаҳоннинг ривожланган
мамлакатларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний
манфаатларини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида низоларни
судгача ҳал қилишнинг юқори самарали, муқобил замонавий йўналишларини кенг
жорий этишга эътибор қаратилмоқда.
Иқтисодиётга хорижий
инвесторларни жалб этишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилишни ёки суд
муҳокамасининг ҳар қандай босқичида низолашаётган тарафлар учун ўзаро келишувга
ва мақбул ечимни топишга эришишни таъминловчи механизмларни ишлаб чиқишга эътибор
қаратилмоқда.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон
Республикасида медиатсия институти 2018-йил 3-июлда қабул қилинган “Медиатция
тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.
Мазкур қонунга кўра, медиатив келишув, тарафларнинг ихтиёрий розилиги
асосида тузилади, адолат, тенглик ва тарафларнинг манфаатларини ҳисобга олиш
тамойилларига асосланади, қонунга зид бўлмаган шартларни ўз ичига олади. Агар
медиатив келишув қонун талабларига зид бўлмаса, у суд томонидан тасдиқланиб,
мажбурий ижро кучига эга бўлади.
Маълумки, медиатив келишув ёзма шаклда тузилади ва тарафлар ҳамда
медиатор томонидан имзоланади. Зарурат туғилганда, суд бундай келишувни
тасдиқлаши мумкин, бу эса унга ижро ҳужжати кучини беради. Жорий йилнинг 20 октябрь куни қабул
қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Айрим қонун ҳужжатларига низоларни
муқобил ҳал этишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига кўра, медиация
тартиб-таомилларини қўллаш учун рағбатлантирувчи нормалар, медиаторларга оид
талабларни ва медиатив келишувларни бажариш қоидалари низоларни муқобил ҳал
этиш механизмларидан бири сифатида белгиланмоқда.
Эндиликда,
мазкур Қонун билан бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг
Иқтисодий процессуал кодекси (кейинги ўринларда ИПК деб юритилади) 25-моддасининг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 42-банд
билан тўлдирилилди, «42) медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун
ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишлар» иқтисодий ишларнинг судга тааллуқлилиги белгиланди.
Бундан ташқари, ИПКнинг 37-моддаси қуйидаги мазмундаги
олтинчи қисм билан тўлдирилиб, унга кўра, медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун
ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза медиатив келишувни ихтиёрий равишда
бажармаган тараф давлат рўйхатидан ўтган жойдаги ёки, агар у давлат рўйхатидан
ўтган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга
берилиши, 110-модда қуйидаги мазмундаги 32-банд
билан, «32) суднинг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет
тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан тузилган медиатив
келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажрими мавжуд
бўлса» иш юритишни
тугатилиши, 154-модда даъво аризасини иш
юритишга қабул қилишни рад этиш биринчи қисми 52-банд
тўлдирилиб, унга кўра, «52) суднинг айни бир шахслар ўртасидаги,
айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан тузилган
медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги
ажрими мавжуд бўлса» судья даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни рад
этиши белгиланди.
Бундан ташқари, ИПК 292 “Медиатив
келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни
юритиш ҳақида”ги алоҳида боб билан тўлдирилди.
Бир сўз билан
айтганда, ушбу Қонун фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларни
самарали ва тезкор равишда ҳал этишга, медиация тартиб-таомилларининг ҳамма
жойда қўлланилишини рағбатлантириш орқали судлардаги юкламани мақбуллаштиришга
хизмат қилади.
Зеро, медиатив
келишув нафақат низоларни ҳал этади, балки тарафлар ўртасидаги ишончни қайта
тиклайди ва у тадбиркорлик муҳитида ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.
Турғунбой Қаҳҳоров,
Навоий вилоят суди судьяси






