Меҳнат шартномасига оид янги нормаларнинг судлар томонидан қўлланишига тааллуқли ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда

Мамлакатимизда бугунги кунда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалда кафолатли таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Кейинги йиллар мобайнида суд ҳокимиятини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда муҳофаза қилувчи чинакам мустақил органга айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги тўғрисидаги меъёрлар қатъий белгилаб қўйилди.

Бу, ўз навбатида, меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни кўришда судлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

Маълумки, 2022 йил 28 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида 294 та модда мавжуд бўлса, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 581 та моддадан иборатдир.

Айтиш керакки, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўймаслик каби муҳим ёндашувлар асосий тамойил сифатида белгиланди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини тузиш ва ушбу шартнома асосида юзага келган муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этишга оид янги норма киритилганидан келиб чиқиб, Олий суд Пленуми қарорига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Аввало Пленум қарорининг 4-бандида судлар якка тартибдаги меҳнатга оид муносабат билан фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган муносабатларни бир-биридан фарқлаши лозимлиги, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилганда фуқаро ташкилот билан меҳнат муносабатларига киришмаслиги, унинг тарафлари ходим ва иш берувчи эмас, балки ижрочи ва буюртмачи ҳисобланиши;

— шунингдек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида назарда тутилган кафолатлар фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномада назарда тутилмаслиги, тарафларнинг муносабатлари Меҳнат кодекси билан эмас, балки Фуқаролик кодекси билан тартибга солиниши;

— жисмоний шахс билан Меҳнат кодексининг 11-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ тузилган шартнома якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилиши ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

Пленум қарорининг 5-бандида ҳарбий хизматчининг меҳнатга доир ҳуқуқларини тиклаш, шу жумладан, хизматга тиклаш тўғрисидаги даъволар “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 45-моддаси ҳамда ушбу қонун билан тасдиқланган “Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низомнинг 4-моддасига асосан ҳарбий суднинг судловига тааллуқли экани ҳақида тушунтиришлар берилди. Бу ўз навбатида, суд амалиётида ҳарбий хизматчиларни хизматга тиклаш юзасидан тааллуқлилик масаласидаги тушунмовчиликларни бартараф этишга хизмат қилади.

Маълумки, эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида ишга тиклаш низолари бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб судга мурожаат қилиш учун бир ой муддат белгиланган эди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ушбу муддат уч ой этиб ўзгартирилди. Ушбу ҳолат ҳам ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилиш учун муҳим аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан Пленум қарорининг 6 ва 7-бандларида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим иш жойида бўлмагани ёки ҳужжатларни олишни рад этганлиги муносабати билан унга меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериш имконияти бўлмаган тақдирда, иш берувчи кейинги иш кунидан кечиктирмай ходимга меҳнат дафтарчасини олиш учун келиши ёхуд меҳнат дафтарчаси почта орқали юборилишига розилик бериши зарурлиги ҳақида билдиришнома юбориши шартлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, Пленум қарорининг алоҳида бандлари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари мустаҳкамланди. Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида ушбу асослар 6 тани ташкил қилган бўлса, айни пайтда улар 11 та эканига эътибор қаратилиб, ҳар битта асосга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, суд амалиётида меҳнат шартнома­сини бекор қилишда эски таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 97-моддаси (тарафларнинг келишуви билан) ва 99-моддасида (ходимнинг ташаббуси билан) қайд этилган нормалар юзасидан кўплаб низолар келиб чиқарди. Шу сабабли янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига меҳнат шартномасини тарафларнинг келишуви билан бекор қилишда тарафларнинг келишуви меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилиши шартлиги ҳақида янги норма киритилди.

Бундан ташқари ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилгани факти, унинг содир этилишида ходимнинг айби, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш мақсадида иш берувчи томонидан хизмат текшируви тайинланиши мумкин.

Хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги қарордан норози бўлган ходим якка тартибдаги меҳнат низолари учун белгиланган тартибда судга шикоят қилишга ҳақли эканлиги ҳақида Пленум қарорининг 31-бандида батафсил тушунтириш берилди.

Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига ташкилот мулкдорининг алмашгани, унинг қайта ташкил этилгани, ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги ўзгаргани муносабати билан:

• ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши;

• янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиши;

• иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши асослари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш каби қатор янги нормалар киритилганидан келиб чиқиб, Пленум қарорининг 44, 45 ва 46-бандларида зарур тушунтиришлар берилди.

Айтиш керакки, меҳнат шартномаси тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган асослар билан ҳам бекор қилиниши мумкин. Бинобарин, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига меҳнат шартномасини тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, бекор қилиш асосларига ҳам қўшимча янги меъёрлар киритилди.

Жумладан, қонунчиликка мувофиқ, меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришга монелик қиладиган ҳолатлар юзага келгани ҳамда ташкилотни тугатиш ёки иш берувчи бўлган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тугатиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга киргани муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби ҳақида Пленум қарорининг 53 ва 54-бандларида тушунтиришлар берилди.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу Пленум қарори судлар фаолиятида ягона амалиётни шакллантиришга кўмак берувчи муҳим ҳужжат сифатида ўзининг самараларини амалда кўрсатади.

 

Улуғбек Исмаилов,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси.