Меҳнат ҳуқуқининг кафолати таъминланди!!!

Даъвогар Хатирчи туман адлия бўлимининг фуқаролар Э.М, Б.Н ва Т.Мнинг манфаатида жавобгар Хатирчи туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига нисбатан рағбатлантириш пулларини ундириш ҳақидаги даъвоси 2024 йил май ойининг 14 куни сайёр суд мажлисида Хатирчи туман “Дамариқ” МФЙ биносида кўриб чиқилди.

Аниқланишича, даъвогар Хатирчи туман адлия бўлими фуқаролар Э.М, Б.Н ваТ.Мнинг манфаатида судга мурожаат қилиб, унда жавобгар Хатирчи туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан 31-сонли мактаб директори Э.Мга 2020-2021-ўқув йили учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 баравари миқдорида 9.864.000 сўм, 2021-2022-ўқув йили учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг  12 баравари миқдорида 9.864.000 сўм, жами 19.728.000 сўм, мактабнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Б.Нга  2020-2021-ўқув йили учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида 4.932.000 сўм, Т.Мга 2020-2021-ўқув йили учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида 4.932.000 сўм рағбатлантириш тўловларни жавобгар Хатирчи туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан ундириб беришни сўраган.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, Хатирчи туманида 2020-2021, 2021-2022 йиллар ўқув йилида 31-сонли мактаб ўқувчилари 100% олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган бўлсада, мактаб директори М.Э.га меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 баравари миқдорида жами 19.728.000 сўм, мактабнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари Н.Бга 4.932.000 сўм ҳамда М.Тга 4.932.000 сўм миқдоридаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари тўлаб берилиши керак бўлсада тўланмаган.   

 Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 августдаги ПФ-6279-сон Фармонига асосан 2021 йилда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 822.000 сўм этиб белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2020 йилдаги 831-сонли қарорига асосан 30.09.2019 йилдаги 823-сонли қарорига ўзгартириш киритилиб, 30-1-бандига кўра умумтаълим муассасалари битирувчиларининг олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга кириш ҳамда ишга жойлашиш кўрсаткичлари асосида ҳар йили 1 февралга қадар ўтган йилги эришилган натижалардан келиб чиқиб, жамғарма маблағлари ҳисобидан умумтаълим муассасалар раҳбар ходимлари қуйидаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида: ўқувчиларининг 90 фоизи ва ундан ортиқ қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган умумтаълим муассасаларининг директорлари -12 баравар, директор ўринбосарлари -6 баравардан; ўқувчиларининг 85-89 фоиз қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган умумтаълим муассасаларининг директорлари-9 баравар, директор ўринбосарлари -4,5 бараваридан; ўқувчиларининг 80-84 фоиз қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган умумтаълим муассасаларининг директорлари -6 баравар, директор ўринбосарлари -3 баравардан рағбатлантирилиши кўрсатилган.

Қарорнинг 30-2бандига кўра, Низомнинг 30-1 бандида назарда тутилган пул мукофотларини тайинлаш туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг мурожаатига кўра ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг тегишлибуйруғи асосида амалга оширилади.

Мазкур тартиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.08.2022 йилдаги “Халқ таълими вазири жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан бекор қилиниб, Ўзбекистон Республакаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2020 йилдаги 831-сонли қарорига асосан 30.09.2019 йилдаги 823-қарорига киритилган 301 ва 302 –бандлари чиқарилган.

Гарчанд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2020 йилдаги 831-сонли қарорига асосан 30.09.2019 йилдаги 823-сонли қарорига киритилган 301 ва 302-бандлари чиқарилган бўлсада, Президент қарорига асосан мактаб директори ва директор ўринбосарларини мукофотлаш тартиби бекор қилинмаган.

Суд юқоридаги ҳолатлар ҳамда норматив ҳуқуқий ҳужжатлардан келиб чиқиб, даъво асосли бўлгани боис даъвони қаноатлантириб, жавобгар Хатирчи туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан даъвогарлар Э.Мнинг фойдасига 19.728.000 сўм, Б.Ннинг фойдасига 4.932.000 сўм, даъвогар Т.Мнинг фойдасига 4.932.000 сўм  жами 29.592.000  сўм рағбатлантириш пулларини ундириб беришга қарор қилди.

Бир сўз айтганда, судда қонун устуворлиги таъминланиб, йиллар давомида тўлаб берилмаган рағбатлантириш пуллари суд тартибида ундириб бериш таъминланди.

 

Баҳодир Бабақулов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.