Молиявий жарима қўлланилмади……
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасига кўра, иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланаётган манфаатларини ҳимоя қилиш иқтисодий суд ишларини юритиш вазифаларидан бири ҳисобланади.
Навоий вилояти солиқ бошқармаси (кейинги ўринларда “аризачи” деб юритилади) иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб “Geo Resources LLC” МЧЖ ХКдан (кейинги ўринларда “жавобгар” деб юритилади)га нисбатан 4.044.957.000 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими маълумотларига асосан жавобгарнинг хориждаги ҳамкори Латвия давлатининг “SIA BAO Resources” МЧЖ ўртасида импорт шартномаси тузилган. Импорт шартномасига кўра дебитор қарздорликлар қайтарилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низоми (бундан буён матнда “Низом” деб юритилади)нинг 23–бандига кўра товарларни республикага олиб кириш ва “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштириш, шунингдек, ишларни бажариш ёки хизматларни кўрсатиш ёхуд улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати импорт контрактлари бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 календарь кундан ортиқ бўлмаслиги керак.
Низомнинг 28-бандига кўра, чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчиларга, шунингдек, «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишни таъминламаган импорт қилувчиларга давлат солиқ хизмати органи томонидан жарима қўллаш тўғрисида талабнома юборилади.
Хўжалик юритувчи субъект томонидан ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликлар ихтиёрий равишда тўлаб берилмаган ёхуд тўлашни рад этган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи жарима қўллаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилади.
Жавобгарнинг 2.000.000 Евро миқдоридаги дебитор қарздорлигининг 5 фоизининг яъни 100.000 Евронинг 06.01.2024 йилдаги миллий валютадаги курси бўйича 1.348.319.000 сўм, 2.000.000 Евро миқдоридаги дебитор қарздорлигининг 10 фоизининг яъни 200.000 Евронинг 06.01.2024 йилдаги миллий валютадаги курси бўйича 2.696.638.000 сўм миқдоридаги молиявий жаримани тўлаб бериш ҳақида талабномалар юборилган.
Низомнинг 27-бандига кўра Ташқи савдо контрактлари бўйича активлар репатриация қилинишини (чет элдан хорижий валютадаги маблағлар келиб тушишини ёки ушбу Низомда кўрсатилган божхона режимларида товарлар республикага олиб кирилиши ва расмийлаштирилишини, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилишини ёки пул маблағларининг қайтарилишини) мазкур Низомнинг 23, 24 ва 241-бандларида белгиланган муддатлар тугагандан кейин кўпи билан 45 кун (кичик тадбиркорлик субъектлари учун — 90 кун) мобайнида таъминламаган хўжалик юритувчи субъектлар:
активларни репатриация қилиш норезидентга тўлов ёки экспорт амалга оширилган санадан эътиборан 360 кунгача кечикканда — репатриация қилинмаган активлар суммасининг 5 фоизига тенг миқдорда$
активларни репатриация қилиш норезидентга тўлов ёки экспорт амалга оширилган санадан эътиборан 545 кунгача кечикканда — репатриация қилинмаган активлар суммасининг 10 фоизига тенг миқдорда қўшимча равишда молиявий жарималар тўлаб бериши белгиланган.
Аммо, жавобгар билан унинг ҳамкори Латвия давлатининг “SIA BAO Resources” МЧЖ ўртасида импорт шартномасига 2023 йил 22 ноябрь куни 1-сонли қўшимча келишув битими тузилган. Мазкур қўшимча келишувга кўра, биринчи аванс пул маблағлари тўлаб берилгандан сўнг 720 кун ичида товарлар етказиб берилиши белгиланган. Бу ҳақда “KDB Bank Uzbekistan” акциядорлик жамияти ҳамда жавобгар вакили маълумот тақдим этган.
“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 111-моддасида асбоб-ускуналарни ва бутловчи қисмларни етказиб бериш муддатлари уларнинг техник тавсифларига ҳамда ўзига хос хусусиятига қараб бир юз саксон кундан ортиқ этиб белгиланган импортга оид контрактлар бўйича етказиб бериш муддати даврига ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг репатриация қилиниши таъминланмаганлик учун жарималар қўлланилмаслиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланан вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 132-сонли Фармонининг 6-б-бандида асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмлар импортига оид контрактда уларни етказиб бериш муддати 180 кундан ортиқ этиб белгиланган бўлса, мазкур операция бўйича активларни репатриация қилиш муддати сифатида контрактда кўрсатилган етказиб бериш муддати эътироф этилади.
Шунга кўра, суд аризачининг талаби асослантирилмаганлиги, қўшимча шартнома тузилганлиги, қўшимча шартномага кўра муддат ўтмаганлигини инобатга олиб, аризани қаноатлантиришни рад этишни лозим деб топди.
Бекзод Джумаев,
Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси.