Навбаҳор туманида ўтказилган тарғибот тадбири тафсилотлари

Нурота туман ҳокимлиги биносида Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг раиси Б.Джумаев, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг раиси А.Хамраевлар томонидан тумандаги корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати давомида суд ҳуқуқ соҳасида қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун моҳияти ва аҳамияти тўғрисида маърузалар қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интелект технологияларни жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-теҳника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-140-сонли Фармонининг мазмун моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.

Мазкур Фармон билан судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида келгусида суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш «Рақамли суд» концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш белгиланмоқда.

Фармоннинг 3-бандига кўра, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида «Рақамли суд» концепциясини амалга ошириш белгиланмоқда. «Рақамли суд» концепциясини амалга ошириш доирасида:

-судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилади;

мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади;

ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади;

тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади;

суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади;

суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади;

сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади;

суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.

Фармонга кўра,  2025 йил якунига қадар, тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида «Рақамли суд» концепцияси асосида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган суд мажлиси заллари ташкил этиш, икки ой муддатда «Рақамли суд» концепцияси доирасида кўриладиган низолар бўйича ишлар тоифасини тасдиқлаш ҳамда  тажриба натижалари асосида «Рақамли суд» концепциясини 2026-2027 йилларда босқичма-босқич республиканинг барча судларида татбиқ этиш белгиланди.

Шунингдек, мазкур фармон билан иқтисодий судларни мақбуллаштириш орқали туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини тугатиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган.

Иқтисодий судлар тузилмасини мақбуллаштиришг орқали уларнинг фаолияти самарадорлиги ошади ва ягона суд амалиёти шаклланади.

Фармоннинг 6-бандига кўра:

– 2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш;

-2025 йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини яратиш;

– 2026 йил 1 январдан бошлаб «my.sud.uz» интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш;

– 2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш;

– 2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги «Шахсий кабинет» платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш белгиланган.

Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратилади, оворагарчиликларнинг олди олинади, уларнинг вақти ва пул маблағларини тежалади ҳамда одил судловнинг самарадорлиги, шаффофлиги ва холислиги таъминланади.                                                          

 Джумаев Бекзод Абдувохидович,

                                               Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси

 

Хамраев Акрам Абдурашидович

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси