Навоий вилоят судида ўтказилган семинар тафсилотлари
Мамлакатимизда
суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш,
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини
ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2024 йилнинг 30 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим
қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини
таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-968-сон
Қонун қабул қилинди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси
50-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, прокурор
фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек давлатнинг қонун билан
қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий
муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва
давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда ёки прокурорнинг даъво
аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда иштирок этиши мумкин. Прокурор
бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси
билан иштирок этиши мумкин эмас.
Прокурор давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат
қилиши мумкин.
Агар фуқаро
соғлиғининг ҳолати, ёши ёки бошқа сабабларга кўра судда ўз ҳуқуқлари,
эркинликлари ва қонуний манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга
бўлмаса, прокурор фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний
манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Фуқаролик
ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судларига даъво аризасини (аризани) —
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар
прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари,
Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига эса —
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ёки
уларнинг ўринбосарлари тақдим этади.
Ўзбекистон
Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикасининг
барча фуқаролик ишлари бўйича судларига даъво аризасини (аризани) тақдим этишга
ҳақли.
Ушбу Қонун қабул қилингунга қадар, прокурор фақат қонунда назарда тутилган
ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган
ишлардагина иштирок этиши мумкин эди.
Эндиликда эса киритилган ўзгартиришга мувофиқ, прокурор айнан қандай
тоифадаги ишларда иштирок этиши мумкинлиги аниқ кўрсатиб берилди.
Ушбу қабул қилинган Қонун жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган
манфаатларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда судларда ишларни муҳокама
қилишда қонунийликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Касимов Ихтияр Уралович
Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари, фуқаролик
ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси
Ҳамидов Феруз,
Навоий вилоят судининг судьяси