Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан уй-жой низоси юзасидан маҳалланинг ўзида сайёр суд мажлиси ўтказилди
Суд мажлиси Қизилтепа тумани “Узилишкент” МФЙ биносида, очиқ сайёр суд мажлисида бўлиб ўтди.
Унда даъвогарнинг жавобгарларга нисбатан турар жойдан мажбурий тартибда чиқариш ҳақидаги даъво аризаси бўйича қабул қилинган биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан даъвогар томонидан берилган апелляция шикоятини фуқаролик иши материаллари асосида кўриб чиқилди.
Аниқланишча, даъвогар жавобгарларга нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда ўзига тегишли бўлган Қизилтепа тумани «Узилишкент» МФЙда жойлашган турар жойдан жавобгарларни мажбурий тартибда бошқа турар жой бермасдан кўчиришни сўраган.
Даъво талабининг асосига О.Қ билан 1966 йилда Қизилтепа туман ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришганлигини, биргаликдаги турмушларидан ўрталарида 9 нафар фарзандлари борлигини, ҳозирда жавобгарлар, яъни ўғли ва унинг турмуш ўртоғи низоли турар жойда бирга яшаб келаётганлигини, қолган фарзандлари уйдан чиқиб кетганлигини, уй унга қонуний асосда тегишли эканлигини, жавобгарлар ундан ҳол-аҳвол сўрамай, унга ғамхўрлик қилмасдан зулм қилаётганлигини, жавобгар фарзандлик бурчини бажармасдан келаётганлигини, ҳозирги кунга қадар унга тегишли бўлган уй-жойни бўшатмасдан келаётганлигини, ушбу уйнинг мулкдори эканлигини кўрсатган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантиришдан рад қилинган.
Судлов ҳайъати иш бўйича тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, шикоятдаги важларни иш материаллари асосида муҳокама қилиб, мазкур иш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, берилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдиришни лозим топди.
Шунингдек, судьялар томонидан МФЙ биносида ташкил этилган сайёр суд мажлисига йиғилган фуқароларга келгусида шу каби уй-жой ва бошқа оилавий низолар юзага келишини олдини олиш юзасидан тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди.
Навоий вилоят суди судьяси
Ҳамидов Феруз Ибрагимович