Навоий вилоят суди ходимларининг яқин-қариндошлари билан учрашув ўтказилди

Учрашув кун тартибидан Олий суд Раёсатининг 2024 йил 27 январдаги «Республика судларининг 2023 йилда одил судловни амалга ошириш ва суд тизимини янада такомиллаштириш борасидаги фаолияти ҳамда келгусидаги вазифалари тўғрисида» ги РС 06-24 сонли қарорининг 13-банди юзасидан очиқ мулоқот шаклида очиқ ва самимий мулоқот ўрин олди.

Жумладан, суд ходими ўз хизмат фаолиятида ва хизмат доирасидан ташқарида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя қилиши, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига, унинг ҳуқуқий ҳолатини белгиловчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Олий суд раисининг буйруқлари ва фармойишларида белгиланган юриш-туриш қоидаларига амал қилиши, хизмат вазифалари билан боғлиқ ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган чеклашлар ва тақиқларга риоя этиши, ҳар қандай вазиятда ҳам ўз қадр-қимматини сақлаши, ўз шаънини қадрлаши, суд ҳокимияти нуфузини тушириши, суднинг обрўсига зиён етказиши мумкин бўлган ҳар бир нарсадан ўзини тийиши шартлиги таъкидланди.

Суд аппарати ходими фуқародан таъмагирлик қилишга ҳаққи йўқ. Шунингдек, шахсий, оилавий, ижтимоий ёки бошқа муносабатлар унинг хизматдаги хулқ-атворига, у томонидан қабул қилинаётган қарорларга таъсир этишига йўл қўймаслиги керак дея сўзини давом эттирди вилоят суди раиси А.Аллаев.

Ҳақиқатдан ҳам Суд ходими ўз хизмат мавқеидан шахсий фойда олиш ёки бошқа шахслар манфаатини қаноатлантириш мақсадида фойдаланиши мумкин эмас.

Суд аппарати ходими ўз хизмат вазифаларини мансаб йўриқномасига мувофиқ юқори профессионал даражада ҳалол ва виждонан бажариши лозим. У хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ муайян ҳаракатларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиши, бунда мустақиллик, юқори даражада ташкилотчилик, талабчанлик ва принципиаллик намоён этиши керак.

 

 

Вилоят суди матбуот хизмати