Ноқонуний ишдан бўшатилган ходимнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари суд орқали тикланди
Фуқаро С.Т судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда у МЧЖда директор лавозимида 10.02.2023 йилга қадар ишлаб келганлигини, лекин меҳнат шартномаси МЧЖ таъсисчиси бўлган йиғилиш раисининг 10.02.2023 йилдаги буйруғи орқали бекор қилинганлигини, унда фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг фуқаролик иши юзасидан бўлиб ўтган суд мажлиси давомида С.Т қурилиш соҳасида эмас, балки тоғ-кон саноати соҳасида олий маълумотга эга эканлиги тўғрисида судга маълумот сифатида кўрсатма берганлигини, шу орқали ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар, хусусан Меҳнат кодексининг 80-моддаси талаблари бузилганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 106-моддаси 4-бандига кўра 10.02.2023 йилда бекор қилинганлигини, бироқ қуйидагиларга асосан ғайриқонуний ҳисобланишлигини, жамият директори лавозими қонунчиликка мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишлар тоифасига кирмаслигини, сабаби ҳар қандай шахс қонунга кўра тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилганлигини, низоли буйруқда ишга қабул қилишда қандай аниқ бузилишга йўл қўйилгани ҳолати кўрсатиб ўтилмасдан жамият директорлигига ишга қабул қилишда олий маълумот талаб этилиши жамиятнинг ҳужжатларида қайд этилмаган бўлсада, лекин ассоссиз равишда расмийлаштирилганлигини, шу сабабли буйруқни ғайриқонуний деб топишни маълум қилиб, суддан МЧЖнинг буйруғини ғайриқонуний деб топиб, жамият директори вазифасига ишга тиклаш, МЧЖдан мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва 30.000.000 сўм маънавий зарарни ундириш ҳамда мазкур ҳолат бир неча марта такрорланиб келаётганлиги жамият таъсисчисининг ҳаракатларига қонуний баҳо беришлик учун хусусий ажрим чиқариш сўралган.
Суд ишни кўриб чиқиш жараёнида аниқланган иш ҳолатларига кўра жавобгар МЧЖ томонидан даъвогар Т.С.ни ишга қабул қилинишида белгиланган қоидаларни бузилмаганлигини, чунки даъвогарни ишга қабул қилиш юзасидан қонунчиликда белгиланган қоида мавжуд эмаслигини, бу тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлигини, шу асосларга кўра меҳнат шартномасини бекор қилиниши қайд этилган қонун ва Раҳбарий кўрсатма, жамият устави талабларига зид эканлигини, бундай ҳолатда меҳнат шартномасини бекор қилинишига йўл қўйилмаслигини инобатга олиб, жавобгар МЧЖнинг 10.02.2023 йилдаги буйруғини ғайриқонуний деб топиб, даъвогар Т.Сни ишга тиклашни ҳамда унга 10.02.2023 йилдан бошлаб мажбурий прогул кунлари учун 89.962.150 сўм иш ҳақи, 28.500.000 сўм маънавий зарар учун компенсация ундиришни лозим топган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ҳар қандай ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари қонун билан суд орқали таъминланади.
Шерали Очилов,
Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг судьяси