ОИЛА-ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Навоий вилоят ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва криминоген вазиятга таъсир этувчи ижтимоий маиший муаммоларни бартараф қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар йўл харитасининг 13.7 бандида оилавий ажримлар масаласига судлар томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, уларни яраштириш ва муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриб бориш белгиланган.

Мазкур йўл харитасининг ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йил 25 июлда Навоий вилоят суди, Навоий вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Мемарандум имзоланди.

Ушбу Мемарандум Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Қонунлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига таянган ҳолда, Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, аёлларни мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан яқиндан таништириб бориш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, никоҳдан ажратиш ва эрта никоҳга киришиш ҳолатларини олдини олиш, улар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш, биринчи марта жиноят содир этиш йўлига кириб қолганларга жиноят, фуқаролик ёки ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича судга мурожаат қилганларга, тазйиққа учраган, зўрлик ишлатишдан жабрланган аёлларга ҳуқуқий кўмак бериш, фуқаролик, мулкий муносабатлардаги муаммоларни ҳал этиш, уларни тадбиркорлик соҳасида яратилаётган имкониятлардан яқиндан хабардор этиб бориш, умумхалқ аҳамиятига молик ижтимоий лойиҳа, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ишларида ўзаро ҳамкорликнинг мазмуни, йўналишлари ва тартибини белгилаб беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг топшириқ хатига асосан ҳар ҳафталик никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишлари бўйича тарафлар ярашганлиги сабабли тугатилган ишлар юзасидан статистик маълумот юритилиб борилмоқда.

Навоий вилоят судининг иш режаларига мувофиқ никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар ҳар чоракда ўрганилиб, умумлаштирилиб, муҳокамаси Навоий вилоят судининг раёсат мажлисида кўриб чиқилиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йилнинг 1-ярмига мўлжалланган иш режасига кўра, жорий йилнинг 2-чорагида судлар томонидан кўрилган никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар таҳлил қилиниб, умумлаштирилди.

Навоий вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари-Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирокида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ва оилавий ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ишлаш,уларни ҳимоя қилиш борасидаги амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган қўшма мажлис бўлиб ўтди.

Йиғилишда оилавий ажримлар, уларни камайтириш бўйича қилинган ишлар ҳар бир туман (шаҳар) кесимида таҳлил этилиб, оилавий низоларни барвақт аниқлаш, уларни яраштириш чораларини кўриш ва бу борада ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланиб, оилавий низоларни судгача ҳал этиш механизмини жорий этиш, бу борадаги қонун ҳужжатларига таклифлар тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.

Барчамизга маълумки оила бу давлат ва жамиятнинг пойдеворидир. Бироқ минг афсуски фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларнинг таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, жорий йилнинг 1-ярми давомида никоҳдан ажратиш бўйича аризаларни қаноатлантириш кўрсаткичи республика миқёсида 62,8 фоизни ташкил этган бир вақтда вилоятимизда ушбу кўрсаткич 71,4 фоизни ташкил қилмоқда.

Фуқаролик судлари томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўрилиши аҳволи ўрганилганда:

Жорий йилнинг 1-ярми мобайнида жами 1151 (912) та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар кўрилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 239 тага ёки 20,7 фоизга ошган.

Шундан судлар томонидан 650 та ишлар бўйича никоҳдан ажратиш ҳақидаги оила батамом бузилганлиги ва уни тиклашнинг имкони йўқлиги сабабли даъволар қаноатлантирилган, 260 та даъволар оилани сақлаб қолиш имконияти борлиги, оила барбод бўлмаганлиги асосида рад қилинган, 74 таси кўрмасдан қолдирилган, 167 таси иш юритувдан тугатилган.

Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ кўрилган ишлар Навоий шаҳрида 271 та, Кармана туманида 237 та, Қизилтепа туманида 170 та, Зарафшон шаҳрида 55 та, Хатирчи туманида 193 та, Навбаҳор туманида 103 та, Учқудуқ туманида 31 та, Конимех туманида 34 та, Нурота туманида 50 та, Томди туманида 7 тани ташкил қилади.

Бевосита мазкур ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, 2023 йил биринчи ярмида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ жами кўрилган 1151 та даъво аризаларнинг 685 таси эркаклар томонидан, 466 таси аёллар томонидан судга тақдим этилган.

Навоий вилоят судининг раёсат қарорига мувофиқ, никоҳдан суд тартибда ажратиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида туман (шаҳар) оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан ҳамкорликда профилактик тадбирларни амалга ошириш, маҳалла фаолларини эр-хотиннинг яраштириш масаласидаги суд жараёнларига иштирокини таъминлаш белгилаб қўйилди.

Навоий вилоят судининг судьялар томонидан МФЙлардаги сайёр қабулларда никоҳ шартномасининг оилаларни мустаҳкамлигини таъминлашдаги ўрни, эр-хотиннинг никоҳда бўлган даврда ёки ажрашган тақдирда мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи, эр-хотин ва вояга етмаган фарзандларни манфаатларини таъминловчи қонуний ҳужжат эканлиги ва бошқа оила ва никоҳ муносабатларидаги низолар юзасидан тушунтириш ишларини кучайтириш муҳим вазифа қилиб белгилаб қўйилди.

Навоий вилоят суди томонидан судьялар ва оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан биргаликда оилавий низолари бор, нотинч оилалар мавжуд маҳалла фуқаролар йиғинларида очиқ мулоқот ва учрашувлар ташкил қилиб, нотинч оила аъзолари билан судьялар индивидуал суҳбатлашиб, никоҳдан ажратишнинг салбий оқибатлари тушунтирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ташаббуси билан суратга олинган “Фарзанд-омонат”, “Ота” номли тарбиявий аҳамиятга эга қисқа метражли филъмлар намойиш қилиб борилмоқда.

Навоий шаҳрида “Жанубий”, “Лочин ” МФЙ, Нурота туманида “Э.Судур”, “Турко”, “А.Навоий”, “Шахристон”, “Янгихаёт”, “Нурфахр”, “А.Темур” МФЙларида, Конимех туманидаги “Зафаробод”, “Янги Ғозғон” “Гулистон”, “Бирлик”, “Шуртепа”, “Туккизтепа” МФЙ, Кармана туманида “Талқоқ” МФЙ, Хатирчи туманидаги “Новжа”, “Тошқулок”, “Икром Карвон” “Хўжақулобод”, Зарафшон шаҳридаги “А.Навоий”, “Кончилар”, “Навруз”, “Геолог” МФЙларда  “Оилавий ажримларни олдини олиш ва низоли оилалар билан ишлаш куни” муносабати билан ушбу маҳаллаларнинг ажрим ёқасида турган ёш оилалар учун яраштирув ишлари амалга оширилди.

Яраштирув жараёнларида Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи М.Мамадиярова, Навоий вилоят суди раиси ўринбосари И.Касимов, вилоят суди судьялари ва туман сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, хотин-қизлар фаоллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туман отинойи ва маҳалла оқсоқоллари қатнашиб 25 та оиладан 10 нафар оилани яраштиришга эришилди.

Келгусида ҳам мазкур ишлар Навоий вилоят суди ҳамда Навоий вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик асосида доимий равишда ташкиллаштирилиб борилади.

 

Гулнафис Худайбердиева

Навоий вилоят суди судьяси