Оила муқаддас, уни сақлаб қолиш барчамизни бирдек бурчимиздир
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омили эканлигини исботлаб бермоқда. Мамлакатимизда ҳар бир оила давлат муҳофазасига олинган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларни тартибга солиш, оилавий келишмовчиликларнинг олдини олиш, нафақат эр-хотин, айни чоғда вояга етмаган фарзандларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.
Соғлом муҳит қарор топган оилалар юрт корига ярайдиган, эл хизматига камарбаста бўла оладиган фарзандларни тарбиялаб, камолга етказишнинг энг асосий омилларидандир. Шу боис мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устивор йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Навоий вилоят ҳокимлиги ва вилоят суди ўртасида тузилган қўшма меморандумга кўра вилоятнинг барча маҳалла фуқаролар йиғинларида туманлараро судлар ҳамда оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳамкорлигида маҳалла фаоллари ва судьялар томонидан оилавий ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларни бузилишини олдини олиш, оилавий ажримлар натижасида келиб чиқадиган низолар бўйича тушунтиришлар бериб келинмоқда ва бу ўзининг самарасини бериб, оилавий ажримларни олдини олишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Шуни таъкидлашимиз лозимки, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судида бу каби тоифа ишларини кўришда суд мажлисига келган томонларни яраштириш, вилоят ҳокимлиги ташаббуси ва туманлараро суди ҳамкорлигида ёш оилаларни оилавий хаётга тайёрлаш, кўникмаларини ошириш, уларга бу борада ҳуқуқий билимлар бериш учун “Медиация” хонаси ташкил этилган.
Бу хоналарни ташкил этишнинг эьтиборли жиҳати шундаки, ажралиш арафасида турган оилаларни яраштириш, тарафлар ўртасида юзага келган низоларни тинч йўл билан бартараф этиш борасида кенг жамоатчилик билан яъни маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, Оила ва хотин қизлар бўлимлари, маҳалла отин ойилари, ФҲДЁ бўлимлари ва судьялар ҳамкорлигида ҳар бир оила аъзоси билан алоҳида суҳбатлар ўтказилиши, уларнинг муаммоларини келиб чиқишига сабаб бўладиган ҳолатларни аниқлаб, уларни ўз вақтида бартараф этиш чоралари кўрилаётганлиги, уларни лозим бўлса, ўқитиш, ишга жойлаштириш масалалари ҳам ҳал қилинаётганлиги, оиланинг фаровонлигини энг аввало муҳим вазифа этиб илгари сурилаётганлиги натижаси эканлигини таъкидлашимиз даркор.
Хусусан Навоий вилоят ҳокимлиги ва вилоят суди судьялари иштирокида ёшларни катта ҳаётга тайёрлаш, оила дорилфунунига таёрлаш мақсадида ёш оилалар билан ўқув машғулотлари олиб борилиб, уларга ўқув машғулотларида қатнашганлиги учун сертификатлар топширилди.
Касимов Ихтияр,
Навоий вилоят суди раиси ўринбосари
Раупов Умиджон,
Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди раиси