Оналик ҳуқуқи кафолати

Оналик ҳуқуқи кафолати

 

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи  туман судининг сайёр суд мажлиси Хатирчи туман “Учқара” МФЙ биносида бўлиб, унда даъвогар А.Бнинг жавобгар В.Дга нисбатан фарзандини ўз тарбиясига олиб бериш ҳақидаги даъвоси бўйича фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилди.

Суд ишда иштирок қилган тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, иш материаллари билан танишиб, уларни муҳокама қилиб, қуйидаги хулосага келди:

Фуқаролик ишида мавжуд бўлган ҳужжатлар ва иш бўйича тарафларнинг тушинтиришларидан маълум бўлишича, даъвогар А.Б ва В.Д 2020 йил 13 январь куни Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимида қайд этилган қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган, турмушларидан икки нафар фарзандлари бор.

Тарафлар ўзаро оилавий келишмовчиликлар сабабли 2024 йил август ойидан бери бирга яшамасдан, уларнинг 26.11.2020 йилда туғилган И.М исмли фарзанди отасининг, 26.10.2024 йилда туғилган С.М исмли фарзанди онасининг қарамоғида қолган.

Даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат қилиб жавобгардан 26.11.2020 йилда туғилган И.М исмли фарзанди ўзининг тарбиясига олиб беришни сўрамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 75-моддасига кўра, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.

Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.

Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Болаларнинг таълим-тарбиясига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал этилади. Агар ота-она ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар (улардан бири) бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 73-моддага кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт.

Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга.

Ота-она болаларининг қонунчиликда белгиланган зарур даражада таълим олишини таъминлаши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 65-моддасига кўра ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга, бола манфаатларига зид бўлган ҳолатлар бундан мустаснодир.

Иш ҳужжатларида мавжуд Хатирчи туман Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўъбасининг 2025 йил 04 август кунидаги №07-05/01-07/1585-сонли хулосасида, тарафларнинг вояга етмаган 26.11.2020 йилда туғилган И.М исмли фарзандини отаси В.Днинг тарбиясида қолдириш мувофиқ деб ҳисобланган.

Суд мазкур ҳолатда Хатирчи туман Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўъбасининг 2025 йил 04 август кунидаги хулосаси билан қуйидаги асосларга кўра келишмайди:

Судда аниқланган ҳолатларга кўра даъвогар ўзининг тарбиясига олиб беришни сўраётган фарзанди И.М ҳали энди 4 ёшдан ошган.

Унга онасининг тарбияси ва парвариши зарур бўлиб, боланинг онаси қарови ва ғамхўрлиги остида яшаш ҳуқуқи мавжуд.

Шунингдек даъвогар А.Б оналик ҳуқуқидан маҳрум этилмаган, унинг фарзандлари билан она-бола муносабатлари узилмаганлиги маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 1998 йил 11 сентябрь кунидаги 23-сон қарорининг 3-бандида кўрсатилишича,  суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим. Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олган ҳолда, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олади.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, даъвогар А.Бнинг яшаб турган уй жойи ва яшаш шароитида бола парвариши ва тарбияси учун етарли шароит мавжуд бўлиб, болаларнинг нормал яшаши учун тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд эмас.

Шунингдек суд тарафларнинг икки нафар фарзандини бир биридан ажратиш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлайди. 

Суд юқорида қайд қилинган қонун талаблари, Олий суд Пленуми қарори тушунтириши ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъвоси асосли эканлиги боис, вояга етмаган И.М ҳали ёшлиги, унга онасининг тарбияси ва ғамхўрлиги муҳим эканлиги, даъвогарнинг фарзандларини тарбиялаш ҳуқуққа эга эканлигини эътиборга олиб, тарафларнинг икки нафар фарзандини бир биридан ажратиш мақсадга мувофиқ эмаслиги боис, шунингдек вояга етмаган болаларнинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда, даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиришни, вояга етмаган И.Мни жавобгар В.Ддан даъвогар А.Бнинг тарбиясига олиб беришни, вояга етмаган И.Мнинг яшаш манзили Хатирчи туман “Учқара” МФЙ, онаси А.Б яшаб турган уй-жой манзили бўйича белгилашни лозим топди.

Бир сўз билан айтганда суд қарорига асосан оналик ҳуқуқи қонуний кафолатлари таъминланди. 

 

Баходир Бабақулов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси

 

Шохрух Каримов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг судьяси