Рақамли далиллар билан ишлаш

2024 йил 21 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни Ўзбекистон Республикаси Перезиденти томонидан имзолади, юқоридаги Қонун билан Фуқаролик-процессуал кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга рақамли далиллар тушунчаси, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Юқоридаги Қонун билан Фуқаролик-процессуал кодексига иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллардир. Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланса, йўл қўйилади. Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга йўл қўйилиши ўзидан мазкур кўчирма нусха олинган рақамли далилнинг асли мавжудлиги билан таъминланади, бундан нотариус томонидан тасдиқланган рақамли далиллар мустасно. Ишда иштирок этувчи тарафлар, гувоҳлар ва бошқа шахслар рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бунда рақамли далилнинг қоғоздаги шакли ёзма далил деб ҳисобланиши мумкин эмас, бундан нотариус томонидан тасдиқланган рақамли далил мустасно. Суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио ва видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар ҳисобланади. Рақамли далилнинг кўчирма нусхаси иш материаллари билан бирга сақланади деб белгиланди.

Ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимни янада кучайтиради ва тергов ҳамда суд жараёнида иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларидан фойдаланган ҳолда самарали ҳимоя қилишни таъминлайди.

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси