“Рақамли суд” концепцияси- судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашнинг муҳим омили.

Бутун дунёда ахборот-коммуникация технологияларининг жадал суръатларда ривожланаётган бир вақтда “Рақамли суд” концепцияси амалга ошириш суд жараёнларини самарали, тезкор ва шаффоф бўлишини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим қисмига айланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 3 сентябрда “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан суд фаолиятини рақамлаштиришга оид ислоҳотларни амалга оширишга тамал тоши қўйилган эди.

Мазкур Қарор асосида амалдаги қонунчиликка суд органлари фаолиятига рақамли технологияларни жорий қилишга қаратилган бир қатор ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш билан боғлиқ нормалар белгиланди.

Унга кўра апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш, барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш, суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш, суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда юбориш каби қоидаалар жорий этилган.

“Рақамли суд” концепциясининг яна бир ҳуқуқий асоси 2025 йил 30 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони  ҳисобланади.

Мазкур Фармон асосида тасдиқланган Дастурда “Судлар фаолиятини рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш” вазифаси доирасида – судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларни босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклда юритиш амалиётини жорий қилиш ҳамда Олий суд ҳузурида Ахборот технологиялари марказини ташкил этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш масласини белгилаб берилди.

Инсон манфаатлари, қонун устуворлигини таъминлайдиган суд соҳасини такомиллаштириш давлатимиз раҳбарининг доимий диққат эътиборида бўлганлиги сабабли, Президентимиз жорий йилнинг 27 февраль куни суд фаолиятини янада яхшилаш, очиқлик ва рақамлаштириш даражасини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказиб, унда суд фаолиятини рақамлаштириш даражасини оширишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгиланган эди.

Мазкур чора тадбирларни амалий натижаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 21 августда “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармон асосида судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришнинг келгуси йиллардаги устувор мақсадлари белгиланди.

Фармонга кўра эндиликда, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида «Рақамли суд» концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилади.

Зарур техник инфратузилма яратилиши ҳамда ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш орқали судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича чоралар кўрилади, натижада мурожаатчи судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар биилиб олиши мумкин бўлади.

Суд ишлари эса замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади,суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.

“Рақамли суд” концепциясини тўлиғича амалга ошириш, аввало бу фуқароларни судларга ҳеч қандай бюрократик тўсиқларсиз мурожаат қилиш имокниятини беради, соҳада қонунийликни таъминлашга ва эҳтимолий коррупциянинг олдини олишга қўшимча кафолатлар яратилади.

Иккинчидан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини суд ишларида онлайн иштирок этиши тарафларга қўшимча афзалликлар яратади. Суд биноларига келиб-кетиш учун оворгарчилик ва сарфланадиган харажатларни камайтиради.

Учинчидан, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади.

Тўртинчидан эса суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилиши, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланиши, суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилииши кабилар судларнинг иш фаолиятини енгиллаштиришга хизмат қилади.

Энг муҳими “Рақамли суд” концепциясини тўлақонли амалга ошиириш судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, судлар фаолиятида “Рақамли суд” концепциясини жорий этишдан кўзланган асосий мақсад — адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, халқчил, ихчам, замонавий тизимни шакллантириш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, низоларни кўриб чиқиш муддатини қисқартириш ҳамда судьянинг иш юкламасини енгиллаштиришдан иборатдир.

Турғунбой Қаҳҳоров,

Навоий вилоят судининг судьяси