Сайёр суд мажлиси ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Конимех туман “Зафаробод” маҳалласи биносида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди томонидан 30 нафар фуқароларга нисбатан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ишлар кўриб чиқилди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзларган асосий мақсад содир этилган ҳар-бир жиноят ва ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррарлигини етказиш орқали келгусида содир этилиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишдан иборатдир.

Шунингдек, судьялар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Суд қарорларининг қонунийлиги, асослиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Фуқаролик ва Иқтисодий процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонунларининг мазмун-моҳияти ва уларни амалиётда қўллаш юзасидан тушунтиришлар берилди.

Тадбирда, йиғилганларга суд қарорларининг қонунийлиги, асослиги ва адолатлилигини апелляция ёки кассация ва тафтиш инстанцияси судларида текширилиши, суд қарорларига нисбатан шикоят ёки протест келтириш муддат ва тартиблари ҳақида маълумотлар тақдим этилди. 

Иштирокчиларга, ушбу қонунларни ҳаётга татбиқ этишдан асосий мақсад, бу суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш билан бирга уларнинг масъулиятини ошириш, суд қарорларидан норози бўлган тарафнинг суд қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш эканлиги маълум қилинди.

Давра суҳбати шаклида ташкил этилган машғулотда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди.

Тадбир сўнгида, судьялар томонидан, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш мақсадида, бундай тадбирларни ўтказишда судлар билан ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш тўғрисида таклифлар ҳам билдирилди.

 

 

Ҳабибулло Тўхтаев,

Жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди раиси.

 

Шерзод Мамиров,

Жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди судья.