Солиқ ҳисоботини топширмаслик оқибати
Солиқ тўловчининг ҳар бир солиқ тури ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб-китобларни ва солиқ декларацияларини, шунингдек ҳисоб-китобларга ҳамда солиқ декларацияларига доир иловаларни ўз ичига оладиган, солиқ тўловчиларнинг ва солиқ агентларининг солиқ мажбуриятларини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлари солиқ ҳисоботи ҳисобланади.
Солиқ ҳисоботи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган шаклларда тузилади.
Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шаклда қоғоз ёки электрон шаклда Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодекси (бундан буён матнда СК деб юритилади)га мувофиқ солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.
СКнинг 273-моддасига кўра, солиқ тўловчилар, агар ушбу бобда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ ҳисоботини ўзлари солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органларига ўтган солиқ давридан кейинги ойнинг йигирманчи кунидан кечиктирилмаган муддатда тақдим этишлари шарт.
Солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шаклда тақдим этилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.
Солиқ тўловчи томонидан солиқ органига молиявий ва (ёки) солиқ ҳисоботи бундай ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугаганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилмаганда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида солиқ органи томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга қарор қабул қилинади. Ўн кундан кўп муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор эса солиқ органининг илтимосномасига асосан фақат суд томонидан қабул қилиниши мумкин. Бунда банклар томонидан солиқ тўловчининг барча ҳисобварақлари бўйича барча чиқим операциялари тўхтатиб турилади.
Шуни таъкидлаш керакки, солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақ бўйича операцияларнинг тўхтатиб турилиши фуқаролик қонунчилигига мувофиқ биринчи навбатда кўрсатилган тўловларга, шунингдек қонунчиликка мувофиқ ундирувга йўл қўйилмайдиган банклардаги ҳисобварақларга татбиқ этилмайди.
Ҳозирда тегишли солиқ органлари томонидан ушбу тоифадаги аризалар билан иқтисодий судларга мурожаат қилиш сони тобора ортиб бораётганлиги кўпгина солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбурияти ўз вақтида бажарилмаётганлигидан далолат бермоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мажбурият тегишли даражада ва муддатда бажарилиши лозим, акс ҳолда унинг оқибатлари мажбуриятни бузган шахсга ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатиши мумкин.
Шерзод Ғофуров
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси