Судда ишларни видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиш тартиби

Суд мажлисларида замонавий ахбарот-коммуникация тенологиялари орқали видеоконференцалоқа режими ташкил этилди. Соҳадаги бу янгилик суд процесси иштирокчиларига катта қулайлик яратди.

Судда видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ва тақдим этилган ҳужжатлар билан ишлаш Олий суд Пленумининг “Фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишларни кўришда суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади.

Судья ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим (қарор)да ишда иштирок этувчи шахсларга, суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига уларнинг ВКА режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқини кўрсатиб ўтади.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси ўтказилишининг аниқ санаси ва вақти судья томонидан ишни кўраётган суднинг Ахборот-коммуникация технологиялари масалалари бўйича суд ходими билан келишилган ҳолда “Суд мажлисларини ВКА режимида ўтказиш жадвалиидан келиб чиқиб белгиланиши лозим.

Судья ёрдамчиси ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим (қарор)ни ишда иштирок этувчи шахсларга, суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юборилишини ҳамда бир нусхасини ишни кўраётган суднинг АКТ ходимига рўйхат асосида имзо орқали топширилишини таʼминлайди.

ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судга келиб тушган ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим (қарор) ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказилиб, шу куннинг ўзида АКТ ходимига топширилади.

ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд билан ВКА ўрнатишнинг имкони бўлмаган тақдирда, судья процессуал қонун ҳужжатларига асосан ишни кўришни кейинга қолдириш чораларини кўради.

Ишда иштирок этувчи шахслар, суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари томонидан суд мажлисида тақдим этилган ҳужжатлар, жумладан ишончномалар, аризалар, илтимосномалар, ёзма фикр-мулоҳазалар ва бошқа ёзма далиллар суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд АКТ ходими томонидан сканер ёрдамида электрон шаклга келтирилиб, интернет тармоғи орқали ишни кўраётган судга узатилади.

ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд АКТ ходими кейинги иш кунидан кечиктирмасдан суд мажлисида тақдим этилган ҳужжатлар, жумладан, ишончномалар, аризалар, илтимосномалар, ёзма фикр-мулоҳазалар ва бошқа ёзма далилларни кузатув хати орқали илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати асосида ишни кўраётган судга юборади.

Ушбу яратилган қулайликлар фуқаролар ва суд соҳасида хизмат қилаётган ходимларига жуда катта имкониятлар яратиб берди.

 

Зуфар Нарзиев,

Навоий вилоят суди судьяси

 

Фурқат Рахманов,

Навоий вилоят суди судьяси

 

Абдимумин Рахимов,

Навоий вилоят суди судьяси

 

Жахонгир Каримов,

Навоий вилоят суди судьяси