Судлар инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўлида
Инсон ҳуқуқлари ва эркинларининг дахлсизлиги Қомусимиз, қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатларда кафолатганлигини кўришимиз мумкин.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устиворлигини таъминлаш суд соҳасининг асосий вазифаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сон Қарорининг 12-банди ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 24 февраль куни Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Жумаев ва жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Қурбоновлар томонидан тумандаги “Айтим” маҳалла фуқаролар йиғинида тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбир иштирокчиларига, суд раислари томонидан мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 7 февраль 2023 йилдаги “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сон Қарори қабул қилинганлиги, мазкур Қарорнинг 12-бандига мувофиқ, жорий йилнинг февраль ойида мамлакатимизда “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигини ўтказиш белгиланганлиги айтиб ўтилди.
Таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқлари ва эркинларининг мазкур қонун ва қарорлар билан мустаҳкамланиши мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини янада мустаҳкамланишига, давлатимизнинг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинги юқориларга кўтарилишига замин яратади.
Тадбир якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Анвар Жумаев,
Фуқаролик ишлари бўйича
Учқудуқ туман суди раиси