Судьянинг холислиги ва беғаразлиги

Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида «Судлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, кўплаб процессуал қонун қонун нормаларига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

         Эътиборлиси, тизим фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларида суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини самарали таъминлашга оид нормалар такомиллаштирилди.

Ислоҳотлар, ўз навбатида, судлар , судьялар олдига янги талаблар ҳам куймоқда.

Аҳолининг судга нисбатан ишончини янада мустаҳкамлаш, судьяларнинг касбий фаолиятини амалга оширишда риоя қилиши шарт бўлган ахлоқ-одобига оид талабларни аниқлаштириш, амалдаги қонунчиликда мавжуд бўлган нормаларнинг такрорланишига чек қўйиш ҳамда янгиланган Конституцияга мувофиқлаштириш мақсадида 2024 йил 15 майда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 1903-сон қарори билан тасдиқланган Судьялар одоби кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. 

Ҳужжат устида ишлаш жараёнида халқаро стандартлар, жумладан, БМТнинг «Суд органлари мустақиллигини асосий тамойиллари», «Судьяларнинг хулқ-атворига оид Бангалор принциплари», «Судьяларнинг умумжаҳон хартияси»да назарда тутилган тавсиялар, АҚШ, Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Беларусь, Молдова каби давлатлар тажрибаси ўрганилди.

Натижада Судьялар одоби кодекси 21 моддадан 18 та моддага ихчамлаштирилиб, зарур бўлган аниқ қоидалар билан тўлдирилди.

Ижтимоий адолатни таъминлаш судьянинг зиммасидаги муҳим ва шарафли вазифа экани боис улардан ахлоқий нормаларга қатъий риоя этиш талаб қилинади. Ахлоқий нормаларга риоя этиш эса жамиятнинг суд тизимига бўлган ишончини кафолатлайди, қонун олдида тенгликни таъминлайди.

Мухтасар айтганда, мазкур ҳужжат  билан, судьялар хулқ-атворининг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ тамойиллар чегаралари аниқ белгиланди.

Биргина мисол, ушбу кодекснинг 5-моддасига кўра, судья ўз мажбуриятларини холисона, суд процессининг барча иштирокчиларига жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар бир хил муносабатда бўлган ҳолда бажариши шарт.

Судья якуний суд ҳужжати қабул қилингунга қадар иш бўйича фикрини бирон-бир тарзда билдиришга ҳақли эмас. Холислик нафақат чиқарилаётган қарор мазмунида, балки уни қабул қилишдаги барча процессуал ҳаракатларда намоён бўлиши керак.

Судья ўзи, қариндошлари ва бошқа шахслар учун бирон-бир манфаат, хизматлар, тижоратга оид ёки бошқа фойда олиш мақсадида ўз мақоми ва хизмат мавқеидан фойдаланмаслиги лозим.

Хизматдан ташқари ҳолатларда ҳам судья ўзининг холислигига шубҳа туғдирадиган ҳар қандай фикр билдиришдан, хатти-ҳаракатлар содир этишдан тийилиши зарур.

Холислик ва беғаразлик судьядан муайян ишни кўришда суд процесси иштирокчиларига нисбатан афзалликлар, асоссиз ишонч ва тахминлардан холи бўлиш, яъни объектив тарзда бетараф бўлишни талаб этади.

Чунки холис ва беғараз бўлиш, ишни кўришда даъвогарнинг ҳам, жавобгарнинг ҳам важларини тенг текшириш, судланувчини ҳам фош этадиган, ҳам оқлайдиган, жазосини енгиллаштирадиган ва оғирлаштирадиган ҳолатларни эътиборга олиб, қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиш имкониятини беради.

 

Нурбек Умаров,

Навоий вилоят судининг судьяси