Судья ёрдамчисининг масъулияти

Сўнги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аввало, бундан кўзланган асосий мақсад фуқаро ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилиш, адолатли одил судловни амалга ошириш ҳамда судга бўлган ишончни мустаҳкамлашдан иборатдир.

Ушбу мақсадларга эришишда адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлмиш судьяларимизга меҳнат фаолиятида ўз кўмаги билан яқиндан ёрдамлашиб келаётган судья ёрдамчисининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим деб ҳисоблайман.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.02.2017 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4966-сонли фармони билан суд мажлиси котиби лавозими тугатилиб, судья ёрдамчиси лавозими жорий қилинди. Айнан мазкур фармон судья ёрдамчисининг масъулиятини янада ортишида тарихий ва муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Қайд этиш ўринлики, судья ёрдамчиси ўз хизмат вазифаларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги Қонуни, Олий суд раиси буйруқлари ва фармойишлари, Касб ва одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда суд ходимларининг фаолиятини тартибга солувчи бошқа низом, қўлланмалар ва йўриқномаларда белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда амалга оширади.

Судья ёрдамчисининг хизмат вазифаларига судья томонидан иш юритишга қабул қилинган даъво ариза (ариза)лар бўйича иш жилдларини очиш (давом эттириш) ва расмийлаштириш, ишда иштирок этувчи шахсларга суд мажлиси тайинланган вақти ва жойи ҳақида хабардор қилиш, судда кўрилаётган ишларда суд мажлиси котиби сифатида қатнашиш, суд мажлиси баённомасини ҳамда амалга оширилган алоҳида процессуал ҳаракатлар бўйича баённомани тузиш, суд ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш кабилар киради.

Судья ёрдамчиси ўз навбатида улкан масъулият ҳам демакдир. Чунки, одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасида судья ёрдамчисидан ҳуқуқий билим, тажриба ва юқори профессионаллик талаб этилади. Бу эса фуқароларнинг турли норозичиликларининг олдини олишдаги муҳим жиҳатдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, судья ёрдамчиси ўзига билдирилган ишончни шараф билан адо этиши, ҳар жиҳатдан мукамалликка эришиш мақсадида доимий изланишда бўлиши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни самарали ҳал этиши, номига доғ тушиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан тийилиши, хизмат сирини сақлаши, қўйингки, ўз мақомни ҳеч қанақасига суиистеъмол қилмаслиги шарт.

Судья бўлишни орзу қилмаган суд ходими бўлмаса керак. Таклифим шундан иборатки, судья ёрдамчиларига муайян бир процессуал ҳужжатларни, хусусан кўрилаётган ишни мазмунан ҳал этмайдиган суд ҳужжатларини ўз номидан имзолаш ваколатини бериш лозим. Бу билан ушбу лавозим эгаларининг одил судловни амалга ошириш борасидаги масъулиятини янада оширишга ҳамда ўзларини бўлажак судья сифатида ҳис қилиш туйғусини шакллантиришга эришган бўламиз.

 

Шоҳбоз Бахронов,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси.