Суд соҳасидаги ислоҳотларнинг барчаси инсон қадри учун
Сўнги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб бориш мақсадида ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган.
Шу билан бирга, суд-тергов амалиёти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, шунингдек, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли та’минлаш чораларини кучайтириш мақсадида 2024-йил 10-июн куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғриси”да Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санксия бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судялар — тергов судялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судяси лавозимини киритиш, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судяси томонидан процессуал қарорларга берилган санксиялар фақатгина апелляция инстансиясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш, тергов судяларига ма’мурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш, тергов судялари томонидан кўриб чиқиладиган ма’мурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстансияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш назарда тутилган.
Тергов судясига қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан санксиялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилган:
а) қуйидагилар бўйича санксиялар:
қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;
қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик, илтимоснома;
паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;
мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;
почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;
телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;
мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
б) қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари:
айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;
шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;
айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;
ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;
в) прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий да’вогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси.
Шунингдек Фармоннинг 3-бандида тергов судяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган:
қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш;
қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини та’минлаш;
фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш.
Бундан ташқари тергов судяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги, тергов судяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофик, амалга оширилиши, тергов судясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Шерали Хомидов,
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.