Суд соҳасининг рақамли келажаги: 2025–2027-йилларга мўлжалланган стратегик йўналишлар

Суд тизимини ислоҳ қилишда технологик ёндашувлар тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. Президентимизнинг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида белгиланган 2025–2027-йилларга мўлжалланган рақамлаштириш дастури суд тизимида инқилобий ўзгаришлар сари йўл очмоқда.

Мазкур стратегик дастур доирасида яқин йилларда нафақат судялар ва юристлар, балки ҳар бир фуқаронинг судга мурожаат қилиш ва одил судловдан фойдаланиш имкониятлари тубдан ўзгаради. Жумладан, 2025-йил 1-декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар ва судялар учун мўлжалланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш бўйича замонавий платформа ишга туширилади. Бу платформа сунъий интеллект асосида ишлайди ва қонунчиликдаги долзарб маълумотларни тезкор таҳлил қилиш имконини беради.

Шунингдек, 2025-йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш имконини берувчи ахборот дастури ишлаб чиқилади. Бу янги технология туфайли, мисол учун, суд қарорлари, ажримлар ёки бошқа расмий ҳужжатлар инсон омилига боғлиқ бўлмаган ҳолда, тизимли ва стандарт шаклда тез тайёрланади.

2026-йил 1-январдан бошлаб эса “мй.суд.уз” портали орқали фуқаролар учун виртуал ҳуқуқий маслаҳатчи иш бошлайди. Бу модул сунъий интеллект ёрдамида ишлайди ва фуқароларнинг саволларига автоматик тарзда аниқ ва асосли жавоблар беради, мурожаатлар бўйича йўналтиради, керакли суд маълумотларини тезкор етказади. Бу — ҳар бир фуқаронинг ўз ҳуқуқларидан хабардор бўлишига ва уларни самарали ҳимоя қилишига хизмат қиладиган муҳим восита бўлади.

2026-йил 1-мартдан эса фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва ҳуқуқбузарлик ишларига доир дастлабки суд маълумотларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкони яратилади. Бу эса суд жараёнларининг очиқлиги, шаффофлиги ва давлат органлари билан мулоқотнинг янада қулай бўлишини таъминлайди.

2026-йил охирига қадар эса суд хизматлари янада кенгайтирилиб, 5 та янги интерактив хизмат тури жорий этилади. Шу билан бирга, фуқаролар учун мўлжалланган “Шахсий кабинет” платформасининг янгиланган, янада қулай ва функционал версияси ишлаб чиқилади.

Бу режалар — рақамлаштириш жараёнининг оддий жараён эмас, балки чуқур ўйланган, босқичма-босқич амалга ошириладиган, узоқ муддатли ижтимоий ва ҳуқуқий натижаларни кўзлаган миллий ёндашув эканини кўрсатади. Технологик қулайликлар ортидан энг муҳими — фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи мустаҳкамланади.

Хулоса қилиб айтганда, суд тизимининг рақамлаштирилиши бу фақат техник янгилик эмас. Бу — суд ишларининг очиқлиги, адолатнинг тез ва сифатли қарорлар орқали қарор топиши, энг асосийси, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини кафолатлайдиган янги ҳуқуқий муҳитнинг пойдевори ҳисобланади.

 

Шохрух Мухаммедов,

Навоий туманлараро маъмурий судининг судьяси