Суд тизимида сунъий интеллект: рақамли ислоҳотлар орқали одил судлов сари
“Адолат – давлат ва жамият тараққиётининг асосий
мезони. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинган жойдагина
халқ давлатга ишонади, тараққиёт барқарор бўлади”, — деган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг
стратегик аҳамияти ҳақида. Сўнгги йилларда
бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар қонун устуворлигини таъминлаш, инсон
ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга қаратилмоқда.
Шу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири сифатида Ўзбекистон
Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Судлар
фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга
эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини
яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–140-сонли Фармонини қайд
этиш мумкин. У суд тизимини рақамли асосда янгилаш, сунъий интеллект
технологияларини жорий этиш ва судларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга
қаратилган.
Фармоннинг
энг муҳим жиҳати
— рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган “Рақамли суд”
концепциясининг амалга оширилиши бўлиб, унга кўра, суд ишлари босқичма-босқич
тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, қоғоз айланмаси бекор қилинади. Фуқаролар
мурожаатларни электрон тарзда тақдим қилади, суд муҳокамаларида масофадан туриб
иштирок этади, суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон
шаклда танишиш имконга эга бўлади. Сунъий интеллект ёрдамида суд харажатлари
ҳисобланади, суд муҳокамасининг тахминий натижаси аниқланади, суд мажлиси
баённомалари эса реал вақт режимида автоматик равишда тайёрланади.
Шунингдек,
Фармонда белгилаб қўйилган яна бир аҳамиятли масала – фуқаролар ва тадбиркорлик
субъектларига интерактив электрон хизматлар кўламини кенгайишидир. Хусусан, суд
ҳужжатларидан нусха олиш, иш материаллари билан танишиш, аризани судловга
тааллуқли ва судловга тегишлилигини аниқлаш каби хизматлар онлайн тарзда амалга
оширилади. Шу билан бирга, “my.sud.uz” порталида сунъий интеллект асосида
ишлайдиган виртуал маслаҳатчи жорий этилиб, фуқаролар ҳуқуқий масалаларда зарур
маълумот ва маслаҳатларни тез ва осон олиш имконига эга бўладилар.
Фармон
иқтисодий судлар тузилмасини мақбуллаштиришни ҳам назарда тутади. 2026 йил 1
январдан туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари тугатилиб, улар ўрнида Қорақалпоғистон
Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий
судлар ташкил этилади. Бу ягона суд амалиётини шакллантириш, иш юритиш
самарадорлигини ошириш ва ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат
қилади.
Суд
тизимини модернизация қилишда моддий-техника таъминотига ҳам катта эътибор
қаратилмоқда. 2025–2030 йилларда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш,
мукаммал таъмирлаш ва замонавий жиҳозлар билан таъминлаш бўйича манзилли дастур
амалга оширилади. Янги биноларда рақамли суд заллари ташкил этилиб, ҳам
судьялар, ҳам фуқаролар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратилади.
Мухтасар
айтганда, Фармон суд тизимини рақамли технологиялар ва сунъий интеллект орқали
тубдан янгилаб, фуқаролар ва тадбиркорлар учун одил судлов имкониятларини янада
кенгайтиради. Президент таъкидлаганидек, “қонун устувор бўлган жойда адолат
қарор топади”. Мазкур Фармон ана шу тамойилнинг амалдаги ифодаси бўлиб,
Ўзбекистонда одил судлов тизимини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Дориёр Саидов,
Навоий вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси