Суд томонидан оналик ҳуқуқи тикланди
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра оила жамиятнингасосий бўғини ҳисобланади ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Болаларни умуминсоний қадриятларни ҳурматлаш, оналикни муҳофаза этиш ва болаларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, юксак ватанпарварлик, софлик ва ҳалоллик руҳида тарбиялаш, уларниижтимоий фойдали меҳнатга тайёрлаш ота–оналарнинг конституциявий ва маънавий бурчидир.
Бироқ жамиятда болалар тарбиясида ўз конституциявий бурчларини унутиб қўядиган фуқаролар ҳам учраб туради. Ҳаётда барча ота–оналар ҳам юқоридаги ўз бурчини, конституциявий мажбуриятини тўлақонли ҳис қилавермайди. “Кишининг ўз фарзандини чиройли одобахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда нафл садақа беришдан яхшироқдир” (Термизий ривояти). Фарзанд – инсонҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Ота-оналарнинг бурчларидан яна бири фарзандига меҳрибонлик кўрсатиб уни вояга етказишдан иборат. Бироқ, ҳаётда ўз оналик бурчларини бажармай, ўз боласига ғамхўрлик қилмай, унга тарбия беришдан бош тортиб, оналик меҳрини бахш этмаётганлар ҳам борлиги кишини ўйга толдиради.
Галдаги мулоҳазамиз дастлаб, фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг 2015 йил 20 июлдаги ҳал қилув қарори билан Л.Шамиева (исм-шариф ўзгартирилган)нинг оналик мажбуриятларидан ҳамда боласини тарбиялашдан бош тортганлиги сабабли охирги чора сифатида суд бу онани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилган эди.
Орадан етти йил ўтиб, Л.Шамиева 2008 йил 10 сентябрда туғилган Ж.Салимова (исм-шариф ўзгартирилган) исмли фарзандига нисбатан оналик ҳукуқидан маҳрум қилинганлигини, ҳозирги кунда иш билан банд эканлигини, ҳаёт тарзи ижобий томонга ўзгарганлигини, вояга етмаган фарзандини ўзи тарбияламоқчи эканлигини баён қилиб, фарзандига нисбатан оналик ҳуқуқини тиклашни сўраб судга мурожаат қилди.
Суд, вояга етмаган бола фарзандликка олинмаганлигини, унинг хулқ-атворини ўзгартирганлигини, турмуш тарзи ижобий тарафга ўзгарганлигини ва у оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлсада, фарзандининг тарбиясида иштирок этаётганлигини, вояга етмаган бола ҳам унга нисбатан оналик ҳуқуқини тиклашга рози эканлигини инобатга олиб, даъво талабини қаноатлантириб, Л.Шамиевани вояга етмаган 2008 йил 10 сентябрда туғилган Ж.Салимова исмли фарзандига нисбатан оналик ҳуқуқини тиклашни лозим топади.
Хулоса ўрнида, бола ҳақида ғамхўрлик қилиш, унга таълим тарбия бериш ота-она учун фақат ахлоқий қоида бўлиб қолмай, конституциявий бурчи ҳамдир. Зеро, жамиятимиздаги ҳар бир фуқаро оилавий муносабатларга масъулият билан ёндашадиган бўлса, келгусида бу каби низоларнинг олди олинар эди.
ЛАЙЛО ШАРИПОВА
Фуқаролик ишлари бўйича
Зарафшон туманлараро суди судьяси.