Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг янги тартиби белгиланди
Ҳар қандай давлатнинг обрў-эътибори, нуфузи унда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари қай даражада таъминлангани билан баҳоланади. Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ўзининг амалий ислоҳотлар ўзининг амалий самараларини кўрсатмоқда.
Жумладан, 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-887-сонли Қонуни қабул қилиниши бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.
Мазкур Қонун билан суд қарорлари устидан шикоят қилишнинг янги тартиби жорий қилинди. Яъни 2024 йил 1 январдан бошлаб:
– Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида,
– вилоят ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибда,
– вилоят ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши,
– алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши,
– шунингдек, апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинди ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилди.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қабул қилинган Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Анвар Жумаев
Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси