Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилди

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, 2023 йил 25 декабрда “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонунга кўра, жорий йилда туманлараро маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят судларида апеляция ёки кассация тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди.

Суд қарорларини қайта кўришда вилоят ҳамда унга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, суднинг ажрими устидан шикоят бериш масаласида янги интитут – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш белгиланди.

Бу тартибнинг қонунда белгиланиши билан одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилди. Бунда биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят маъмурий судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади.

Суд қароридан яна норози бўлинган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, кассация инстанциясининг жорий этилиши келгусида ишда иштирок этувчи шахслар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжати устидан шикоят бериш имконини беради. Масалан, суддаги ишда иштирок этувчи шахс ўзи қатнашган иш бўйича қабул қилинган суднинг ҳал қилув қарори ёки ажримидан қонуний кучга кирганидан кейин қайсидир ҳолатга кўра норози бўлиб қолиши мумкин.

Ушбу ҳолатда шахс апелляция шикояти бериш муддатини ўтказиб юборган бўлади. Аммо унда энди шикоят келтиришда процессуал ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқи мавжуд бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини кўриб чиқишда апелляция, кассация ва тафтиш босқичларининг такомиллаштирилиши фуқаролар ва юридик шахсларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

 

Ғалим Абдухолиқов,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси.