Суд-ҳуқуқ соҳасидаги барча ислоҳотлар Инсон қадри ва манфаатлари учун
Марчамизга маълумки суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларга ва процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу ўзгаришлар билан 2024 йилнинг 1 январидан бошлаб апелляция, кассация ва тафтиш тартибида ишларни кўриш вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг ваколат доирасига ўтказиш белгиланди. Бундан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг ортиқча сарсонгарчилигини олдини олишдан иборатдир.
Бу ҳам том маънода инсон манфаатлари йўлида қилинган яна бир қадам десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилишни таъминлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг бош мезонидир. Перезидентимиз таъкидлаганидек, «Инсон қадри учун» деган тамойил барча ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этмоқда. “Инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида Ўзбекистон олдинга қараб интилмоқда.
Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мақсадли чоралар амалга оширилмоқда.
Бу борада амалга оширилган ислоҳотларни таҳлил қилар эканмиз, энг аввало, шуни қайд этиш лозимки, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар нормалари, шу жумладан БМТнинг 7 та асосий шартномалари ва 4 факультатив протоколлари қоидалари миллий қонунчиликда ўз аксини топмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро шартномаларга қўшилиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали миллий тизимини яратишга хизмат қилди. Хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини тартибга солишга қаратилган 12 та Конституцион қонунлар, 18 та кодекслар ва кшплаб қонунлар қабул қилинди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган тамойил ҳам қатъий қилиб белгиланиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги нормалар 3 бараварга кўпайтирилди. Бир сўз билан айтганда “Инсон қадри учун” тамойили Конституцияда, қонунларимизда ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шартлиги белгилаб қўйилди.
Ўз навбатида шуни алоҳида қайд этиш лозимки, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар борасида кейинги пайтда қўйилган энг илғор қадам, шубҳасиз, жорий йилнинг апрель ойида Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга оиладаги зўравонликни жиноят деб ҳисобловчи ҳамда аёллар ва болаларни қўшимча ҳимоя механизмлари билан таъминлайдиган ўзгаришлар тўплами киритилгани бўлди.
“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сон Қонун билан оиладаги зўравонлик жиноий ҳуқуқбузарликлар туркумига ўтказилди, иқтисодий ва психологик зўравонлик, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилди. Буни фуқаролик жамияти ва фаолларнинг ғалабаси деб таъкидлаш мумкин.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларга содиқлиги, юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида аввало инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бирламчи вазифалардан саналади. Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонлар ҳаётини, дунёқарашини ҳамда турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Инсон қадри улуғланиб, «Давлат – инсон учун» деган эзгу ғоя ҳаётга жорий этилмоқда.
Анвар Исоков,
Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси