Тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор самарали ислоҳотлар амалга оширилди.

Шунингдек, уларнинг давлат органларига ҳисобот ва статистик маълумотларни тақдим этиш жараёнларини соддалаштириш, бу борада улардан ортиқча ҳужжатларни талаб қилиб олишга чек қўйиш ҳамда ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2024 йилнинг 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисоботларни давлат органларига тақдим этиш жараёнлари соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 24110-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-979-сон Қонуни қабул қилиниши ҳам бунга яна бир мисол ҳисобланади.

Қонунга кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган ҳисобот ва статистика маълумотларининг ягона рўйхатига киритилмаган статистика, молия, солиқ ҳисоботини ва бошқа ҳисоботни, шунингдек қонунчиликда назарда тутилмаган ўзга ҳужжатларни, шу жумладан банк ҳисобварағини очишда ортиқча ҳужжатларни тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиб олганлик, худди шунингдек мазкур ягона рўйхатга киритилган ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддатлари ва тартибига зид равишда талаб қилиб олганлик учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши давлат органларининг ҳисоботларни талаб қилиб олиш борасидаги масъулиятини оширишга ва қонунчилик талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг келгусидаги фаолиятида муҳим ўрин тутиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

 

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси.