Таъсисчи нега таъсисчилар сафидан чиқарилмади

Иқтисодий суд ишларини юритишнинг муҳим вазифаларидан бири иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

Мазкур вазифаларни амалга оширишда ўз зиммасида ўлкан масъулият ва жавобгарлик мавжудлигини ҳар бир судья чуқур ҳис қилади, албатта.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 32-моддасида, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари тарафлардан бири Ўзбекистон Республикаси норезиденти — чет эл шахси бўлган ишларни кўриши назарда тутилган.

Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида Ўзбекистон Республикасининг норезидентига оид кўрилган қуйидаги иқтисодий иш юзасидан ҳам даъвонинг қанчалик асосли эканлигини тўпланган объектив далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, якуний тўхтамга келиш талаб этилар эди.

Хусусан, даъвогар “NUROTA-JIN PENG” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси LUI QINGHU (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар “NUROTA-JIN PENG” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ражабов Ғайрат Асадовични (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) таъсисчилар сафидан чиқаришни сўраган.

Аниқланишича, 2020 йил 18 августда Нурота туман Давлат хизматлари маркази томонидан 881970-сонли реестр рақами билан қайта рўйхатга олинган МЧЖ Низомига мувофиқ МЧЖнинг Низом жамғармаси 400.000.000 сўмни, шундан таъсисчи Ражабов Ғайрат Асадовичнинг улуши 120.000.000 сўм (ёки 30 фоиз)ни, Lui Qinghuнинг  улуши 280.000.000 сўм (ёки 70 фоиз)ни ташкил этган.

“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни  8-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ жами улушлари жамият устав фондининг (устав капиталининг) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

Даъво аризасида МЧЖ таъсисчиси Ғ.Ражабовни МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқариш учун таъсисчи Ғ.Ражабов томонидан устав фонди шакллантирилмаганлиги асос сифатида кўрсатилган.

МЧЖ нинг 2020 йил 18 августдаги 1-сонли умумий йиғилиш баённомаси билан “NUROTA-JIN PENG” масъулияти чекланган жамияти таъсис шартномаси тасдиқланган.

Таъсис шартномасининг IV-бўлимида иштирокчиларнинг улушни киритиш бўйича мажбуриятларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра улушини тўлиқ киритмаган иштирокчи жамиятнинг мажбуриятлари бўйича ўз улушининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган.

Бироқ, таъсисчилар ўртасида тасдиқланган таъсис шартномасида, улушини тўлиқ киритмаган иштирокчи таъсисчилар сафидан чиқарилиши белгиланмаган.

Даъвогар даъво аризасида жавобгар томонидан устав фондини шакллантириш учун ҳеч қандай улуш шаклидаги пул маблағи ёки мол-мулк киритмаганлигини важ қилиб кўрсатган бўлсада, лекин банклар томонидан берилган маълумотларда жавобгар Ғ.Ражабов  устав фондини шакллантириш учун жами 4.603.000 сўм пул маблағлари киритганлиги кўрсатилган.

Даъвогар томонидан эса 280.000.000 сўм устав фондига киритилиши лозим бўлсада, бироқ даъвогар ҳам устав фондини шакллантириш учун 144.381.507 сўм киритиб, у ўзига тегишли қисмини тўлиқ бажармасдан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Қайд этилганлардан ташқари даъвогар даъво аризасига асос қилиб, жамият фаолиятига оид муҳим масалалар юзасидан бир қатор йиғилишлар ўтказилганлиги, жавобгар ушбу йиғилишда иштирок этмасдан жамият манфаатларига жиддий зиён етказиб, жамиятнинг фаолият кўрсатишига жиддий тарзда тўсиқ бўлаётганлигини кўрсатган.

Бироқ, судга даъвогар вакили жамиятда ўтказилган йиғилиш баённомалари, йиғилишларга жавобгар келмасдан тўсиқ бўлганлиги ҳолатлари бўйича тегишли ҳужжатларни тақдим этмаган ҳамда иш ҳужжатлари ўрганилганда ҳам мазкур ҳужжатлар аниқланмаган.

ИПК 68-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.

Хусусан, МЧЖ таъсисчиси Ғ.Ражабовни МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқариш учун унинг МЧЖ Таъсис шартномасида ёки Низомида белгиланган айнан қайси мажбуриятни бажармаётганлиги, ўз мажбуриятларини қўпол бузаётганлиги ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан МЧЖнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётганлиги ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётганлиги, таъсисчи Lui Qinghuнинг ўзи 70 фоиз устав фондини тўлиқ шакллантирмаган бир пайтда 30 фоиз улушга эга бўлган Ғ.Ражабов томонидан устав фонди агар тўлиқ шакллантирилмаган бўлса МЧЖ фаолиятига қандай таъсир кўрсатиши тегишли далиллар билан исботланмаган.

Юқорида келтирилган ҳолатларга кўра, суд даъво талабини асоссиз деб баҳолаб, қабул қилинган ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг жавобгарга нисбатан таъсисчилар сафидан чиқариш ҳақидаги талабини қаноатлантиришни рад этиб, низо юзасидан қонуний ва асосли қарор қабул қилиниши таъминланди.

 

Лутфулло Тошмуродов,

Навоий вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси.