Тергов судьяси институти – суд тизимидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи
Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам.
Шу йилнинг 10 июнь куни имзоланган “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Хусусан, унда судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби белгиланди. Яъни, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилмоқда.
2025 йилдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши керак.
Хўш, тергов судьяси қанақа санкция ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиши мумкин? Жумладан, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимосномалар киради.
Мажбурлов чораларига эса айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш сингари илтимосномаларни кўриб чиқиш ваколатини киритиш мумкин.
Фармонда тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Суд-ҳуқуқ тизимидаги бу муҳим ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириш ҳамда судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиши учун кенг имкониятлар яратади.
Ғалим Абдухолиқов,
Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси.