Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонуннинг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 25-моддасида белгилаб қўйилган нормага асосан банкротлик (тўловга қобилиятсизлик) тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш иқтисодий судларга тааллуқли низо ҳисобланади.
Шу мавзуда Навоий вилоят судининг судьялари томонидан Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда “Электрокимёзавод” ҚК АЖ ишчи ходимлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида” Қонуннинг мазмун-моҳиятини муҳокама қилиш билан бирга, иштирокчилар ўзларини қилиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоб олишди.
Маълумот ўрнида, тўловга қобилиятсизлик деб, суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги тушунилади.
Иқтисодий судлар томонидан юридик шахсларнинг ва фуқароларнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича, бироқ қонунчиликда белгиланган хусусиятларни эътиборга олган ҳолда кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Иқтисодий судлар томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳамда улар юзасидан қонуний тўхтамга келишда Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида” ги Қонунга асосланади.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган бўлиб, Қонуннинг 14-боби 2023 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилиши Қонуннинг 249-моддасида белгилаб қўйилди.
Энди эса қонун билан корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантириш мақсадида тўловга қобилиятсизлик вақтинчалик ва доимий турларга ажратилмоқда.
Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ вақтинча тўловга қобилиятсизлик аломатлари дейилганда тегишли мажбуриятларнинг юзага келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаганлиги, шаҳар жойларидаги ҳамда унга тенглаштирилган ҳудудлардаги корхоналар томонидан эса олти ой ичида бажарилмаганлиги тушунилади. Судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агарда ариза йилнинг биринчи чорагида берилган бўлса, ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган бўлса доимий тўловга қобилиятсизлик тушунилиши мумкин.
Бунга қадар амалда бўлган қонун талабига кўра, корхона тегишли тўлов мажбуриятларини қарздорлик юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида бажармаса ва унга нисбатан билдирилаётган талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз бараварини ташкил этса, унга нисбатан тугатиш таомили қўлланилар эди.
Эндиликда корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантириш мақсадида мазкур жараёнда жорий солиқ тўловларини тўхтатиб туриш, тижорат банклари ва молия институтларидан кредитларни жалб этиш, қарздорлик қисман қоплан- ганда корхона фаолиятини кредиторлар розилиги билан тиклаш бўйича нормалар киритилди.
Шунингдек қонун билан қарздорга корхонани соғломлаштириш ёки тугатиш таомилларини қўллашни эркин танлаш ҳуқуқи берилмоқда. Хусусан, қонуннинг 7-моддасида қарздор пул мажбуриятларини бажарма- ганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга эканлиги, қарздор ва кредитор тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризада қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш ёхуд тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилларини қўллаш зарурлигини кўрсатиши мумкинлиги белгиланди. Бундан кўриш мумкинки, қарздор кредиторлик қарзи миқдоридан қатъи назар ўзини тўловга қобилиятсиз деб ҳисоблаган пайтдан бошлаб унга нисбатан соғломлаштириш таомилини қўллаш бўйича судга мурожаат қилиш ҳамда ўз фаолиятини тиклаш имконига эга бўлади.
Юқоридагилар билан бир қаторда, қонун билан амалиётда узоқ муддатдан бери муаммо бўлиб келаётган айрим масалалар ҳам ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди.
Хусусан, суд бошқарувчисининг ҳуқуқлари бир-мунча кенгайтирилди, жумладан суд бошқарувчиларига Давлат хизматлари агентлиги орқали кўрсатиладиган давлат хизматларидан ҳақ тўламасдан фойдаланиш, қарздорнинг мулки, ҳисоб варақлари ва депозитлари ҳақида давлат органларидан бепул маълумот олиш ҳуқуқи берилди.
Амалиётга татбиқ этиш назарда тутилган жуда муҳим жиҳатлардан яна бири жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш институтининг жорий этилиши бўлди, деб айтиш мумкин. Негаки жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш институтининг АҚШ, Европа Иттифоки мамлакатларида, Япония ва Россияда самарали қўлланилиб келаётганлигини кўришимиз мумкин.
Қонунга жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлигини тартибга солувчи 14-боб киритилиб, қонуннинг 194-моддасида агар ушбу бобда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жисмоний шахснинг тўловга қо- билиятсизлиги билан бoғлик муносабатларга нисбатан ушбу қонун 1, 2, 3, 5, 6 ва 7-бобларининг тегишли қоидалари қўлланилиши алоҳида белгилаб қўйилди.
Қонунда қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланиши назарда тутилди.
Жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш учун кредиторлик қарзи суд қарори, нотариал тасдиқланган битим, нотариус ижро хати, қарздор тан олганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда алимент ундириш тўғрисидаги талаб асосида вужудга келган бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса сифатида айтиш мумкинки, қонуннинг амалга киритилиши тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарга нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини тиклаш ва мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда тўловга қобилиятсизлик индикаторидаги ўрнини ошириш имконини беради.
Навоий вилоят суди судьяси
Тошмуродов Лутфулла Сайдуллаевич